ХУДУДИЙ КЕЛИШУВ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi

Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2020-2022 йиллар учун ҲУДУДИЙ КЕЛИШУВ


Навоий вилояти ҳокимлиги (бундан буён -"Ҳокимият"), вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши (бундан буён - "Касаба уюшмалари"), "Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён -"Иш берувчилар") кейинги ўринларда "'Тарафлар" деб аталувчи вакиллар тимсолида:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига амал қилиб;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мустақил Ўзбекистон манфаатлари устуворлигини эълон қилиб;
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига амал қилган ҳолда;
Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепциясини қўллаб қувватлаб;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қўйилган: иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари рақобатбардошлиги ва фаолияти самарадорлигини кучайтириш асосида аҳоли турмуш даражасини кўтариш вазифаси сўзсиз бажарилиши лозимлигини тасдиқлаб;
давлат, иш берувчилар ва ходимларнинг ижтимоий масъулияти ва улар ўртасидаги ижтимоий мулоқот муҳимлигини эътироф этган ҳолда;
ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилиш, аҳоли ҳаёт даражасини муттасил ошириб бориш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлашда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ижтимоий шериклик тамойилини амалга ошира бориб;
ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб берувчи мазкур Ҳудудий келишувни туздилар (бундан буён "Келишув”) ва ўз зиммаларига қуйидаги йўналишлар бўйича мажбуриятларни олдилар.
I. Иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш cоҳасида.
Иқтисодиёт тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришларни амалга оширишга, товарлар ва хизматларнинг сифатли бозорини шакллантирган ҳолда рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш мақсадида Тарафлар келгуси даврда қуйидагиларни зарур деб ҳисоблайдилар:
1. Иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантириш, саноатни ва ташқи савдони диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантириш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш чораларини жорий этиш ҳисобига милий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва барқарорлигини оширишга доир ишларни ҳамкорликда олиб бориш.
2. Иқтисодиётда хусусий мулк улушини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, фаолиятнинг барча соҳаларида давлат иштирокини камайтириш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги ПФ-5614-сонли "Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини бажариш бўйича келишилган чора-тадбирларни қабул қилиш.
4. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтариш, бунда саноатни самарали ривожлантириш ва жойлаштириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш учун иқтисодий ва ихтисослаштирилган зоналар, тармоқ кластерлари, кичик саноат зоналари, инновацион марказлар, технопарклар, ко-воркинг марказлари яратаётган имкониятлардан кенг фойдаланиш.
5. Аграр соҳага янги технология ва инновацияларни жорий этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этишни кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида илмий асосланган ишлаб-чиқаришни йўлга қўйиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Тўлиқ юклаб олиш