ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ УСТАВИ
(янги таҳрирда)
  
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (бундан буён матнда «Федерация» деб юритилади) – ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳамкорликда амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун касаба уюшмалари (бундан буён матнда «Касаба уюшмалари» деб юритилади) томонидан ихтиёрий асосда тузилган.
1.2. Федерация даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган Уюшма ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотдир.
1.3. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва касб-кор, ишлаб чиқариш, ҳудудий-ишлаб чиқариш, тармоқ, тармоқлараро ҳудудий принциплар бўйича тузилган аъзо ташкилотларига эга.
1.4. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Федерация таъсис шартномаси ва ушбу Устав асосида амалга оширади.
1.5. Федерация ўз тузилмаси, фаолиятининг мақсад, шакл ва услубларини белгилашда эркиндир, мустақил равишда ўз органларини шакллантиради ва штатдаги ходимлар аппаратини тузади.
1.6. Федерация ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ халқаро ва хорижий касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, касаба уюшмаларининг халқаро ва бошқа уюшмаларига кириши ва чиқиши мумкин.
1.7. Федерация уставда белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партия ва ҳаракатлар, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
1.8. Федерация ўз фаолиятида давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
1.9. Федерациянинг номланиши:
ўзбек тилида: тўлиқ – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси; қисқартмаси – ЎзКУФ;
рус тилида: тўлиқ – Федерация профсоюзов Узбекистана; қисқартмаси – ФПУз;
инглиз тилида: тўлиқ – Federation of Trade Unions of Uzbekistan; қисқартмаси– FTUUz.
1.10. Федерациянинг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 100165, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй.
 
2.    ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
2.1. Федерация аъзо ташкилотлар касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари, ишлаб чиқариш, касбий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, амалдаги қонунчилик доирасида уларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида тузилган.
2.2. Ўз мақсадларига эришиш учун Федерация қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг стратегия ва тактикасини ишлаб чиқади, аъзо ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга, уларни мустаҳкамлашга кўмаклашади;
меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришга, касаба уюшмалари, иш берувчилар ҳамда Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уч тарафлама ҳамкорлиги тамойилларининг амалга оширилишига кўмаклашади;
Федерация, иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишувни, Федерацияга аъзо ташкилотларнинг манфаатларига жавоб берадиган бошқа келишувларни ишлаб чиқиш ва тузиш ташаббуси билан чиқади, тузади ва бажарилиши устидан назоратни амалга оширишда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикаси томонидан меҳнат муносабатларига оид халқаро шартномаларнинг ратификация қилинишида, шунингдек меҳнат муносабатлари, бандлик, ижтимоий ҳимоя, меҳнат миграцияси, касб-ҳунар таълими, меҳнат ва соғлиқни муҳофаза қилиш, касаба уюшмалари ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатларини кенгайтириш, гендер тенглиги, ёшларга оид ва ижтимоий-меҳнат соҳасига алоқадор бошқа масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ишлаб чиқилишида қонунда белгиланган тартибда иштирок этади;
меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини амалга оширади;
ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ходимларнинг муносиб турмуши ва ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган шароитлар яратиш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, аҳолиси қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оилалари ўртасида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этади, маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини, санаторий-курортларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда ҳаракат қилади;
Федерациянинг мақсадлари ва вазифалари йўлида яратилган ёки сотиб олинган, шунингдек белгиланган тартибда унга бошқа мулкий ҳуқуқ асосида берилган мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади, унинг сақланишини таъминлайди, мулкий ҳуқуқларининг ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш чораларини амалга оширади, аъзо ташкилотларнинг мулкдан самарали фойдаланишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади;
нашр органларига эга бўлади ва нашриётчилик фаолиятини олиб боради, ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилади, касаба уюшмаларининг ягона ахборот хизматини ривожлантиради;
Федерация тизимида маданият, дам олиш, туризм, спорт ва бошқа объектларнинг қурилишида ягона буюртмачи сифатида иш кўради.
Касаба уюшмаларининг қонунларда белгиланган бошқа ҳуқуқларини амалга оширади.
2.3. Федерация касаба уюшмалари ташкилотларининг қуйидагиларга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиради ва қўллаб-қувватлайди:
миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар, касаба уюшмаси аъзосининг меҳнат қилиш, эркин иш ва касб танлаш, адолатли меҳнат шароитига ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишига;
максимал даражада бандликнинг таъминланиши, даромадларнинг оширилиши ва мулкий табақаланиш даражасининг камайтирилишига;
меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилишига;
ишлаб чиқаришни ривожлантириш даражасига мувофиқ ишловчиларнинг малакаси оширилиши ва касбий  қайта тайёрланишига;
меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш, меҳнатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишига;
давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан меҳнаткашларнинг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқ ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини сақлаш борасида ўзаро ҳамкорлик олиб борилишига;
меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик йўлга қўйилиши, жамоа музокараларининг ташкил этилиши, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилиши, уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишига;
ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маънавий салоҳиятини юксалтиришга, оммавий спортни тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этилишига, шунингдек маданият, жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари, санаторийлар, дам олиш уйлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишига кўмаклашишга.

3. ФЕДЕРАЦИЯГА АЪЗО ТАШКИЛОТЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Ушбу Уставнинг 3.2-бандида белгиланган тартибда аъзоликка қабул қилинган, мазкур Уставни тан оладиган ва бажарадиган касаба уюшмалари Федерацияга аъзо ташкилотлар ҳисобланади.
3.2. Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ҳақидаги қарор Федерация Кенгаши Раёсати томонидан, уларнинг коллегиал органи қарори, Устави, аъзолар сони ҳақидаги маълумот, ташкилий тузилмаси, раҳбар органларининг жойлашган жойи – юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, аъзолик бадалларини тўлаш бўйича мажбурияти илова этилган ёзма аризаси асосида қабул қилинади.
Федерацияга аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги Федерация Кенгаши Раёсатининг қарори Федерация Кенгаши тасдиғига киритилади.
Федерацияга қабул қилиш рад этилганда бу масала кирувчи ташкилот томонидан Федерация Кенгашида кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.
3.3. Аъзо ташкилотларнинг Уставлари Федерациянинг таъсис шартномаси ҳамда унинг мақсад ва вазифаларига зид бўлмаслиги керак.
3.4. Қуйидаги ҳолларда Федерацияга аъзолик тўхтатилади:
аъзо ташкилот тугатилганда;
аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиққанда;
аъзо ташкилот Федерация таркибидан чиқарилганда.
3.5. Федерация таркибидан чиқиш тўғрисида қарор Федерация Кенгашини камида уч ой олдин огоҳлантирган ҳолда, аъзо ташкилотнинг Қурултойида қабул қилиниши мумкин.
Аъзо ташкилот Қурултойининг Федерациядан чиқиш ҳақидаги қарори уч ой муддатда кўриб чиқилади.
Федерация таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарор Федерация Кенгаши томонидан тасдиқлангунга қадар аъзо ташкилот мазкур Уставни бажаришга мажбур.
Федерациянинг таъсис шартномаси, Устав талаблари ва Федерация коллегиал органлари қарорларини бажармаётган, Федерацияга аъзолик бадалини тўламаётган аъзо ташкилот Федерация Кенгаши қарорига биноан Федерация таркибидан чиқарилиши мумкин.
3.6. Аъзо ташкилотлар:
Федерациянинг таъсис шартномаси, Устави ва дастурий ҳужжатлари принципларига зид келмайдиган дастурий ва локал ҳужжатларни қабул қилиш;
ўз вакилларини Федерация Кенгаши таркибига сайлаш, уларни чақириб олиш, алмаштириш;
Федерация органларига касаба уюшмалари фаолиятининг ҳар қандай масалалари бўйича мурожаат қилиш, тушунтириш ва ахборот олиш, зарурат туғилганда қўйилган масалани ҳал қилишда қўллаб-қувватланиш;
фаолиятига доир ҳужжатлар лойиҳаларини Федерация органларига кўриб чиқиш учун киритиш;
ўз вакиллари орқали Федерациянинг коллегиал органлари ишида иштирок этиш;
ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига Федерациянинг таклифларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Федерация, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув лойиҳасига ўз таклифларини киритиш ва Федерациянинг ушбу йўналишдаги фаолиятида қатнашиш;
Федерациянинг турли хил дастурларини ишлаб чиқиш ва жамғармаларини тузишда иштирок этиш;
Федерация мулкидан фойдаланиш ва уни бошқаришда иштирок этиш;
касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқитиш, ўз фаолияти учун зарур ахборот олиш ва тарқатиш учун Федерация имкониятларидан фойдаланиш, ўз вакилларини Федерация томонидан ўтказиладиган тадбирлар, ўқув семинарларига йўллаш;
касаба уюшмаси ходимларини ва фаолларини Федерация нишонлари ва Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар, шунингдек уларни Давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш бўйича Федерация томонидан қўллаб-қувватлашни сўраб тақдимномалар киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Тўлиқ юклаб олиш:   ustav.rar [41.89 Kb] (кўчиришлар сони: 8)