Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Кенгаши Раёсатининг 2013 йил «26» январдаги
  9-24- сонли қарорига 2 - илова
 
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар олишни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, ҳисобга олиш, бериш ва ҳисоботларни тартибга солиш тўғрисида
 ЙЎРИҚНОМА
 I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
  Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Устави асосида, касаба уюшмаси аъзоларини касаба уюшма бюджети маблағлари, яъни аъзолик бадаллари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар билан касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тузилган жамоа шартномалари ёки тармоқ келишувларига асосан касаба уюшмалари ташкилотларига ўтказиб берилган маблағлар ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларида соғломлаштириш, дам олдиришни ташкиллаштириш, касаба уюшмалари ташкилотлари тасарруфидаги ижтимоий объектларни сақлаб туриш ҳамда касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантириш мақсадлари учун маблағлар ажратиш тартибини белгилайди.
 II. ЙЎРИҚНОМАНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ
Ушбу Йўриқнома касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларига бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ихтиёрида қолдирилган аъзолик бадаллари ҳамда жамоа шартномалари орқали хўжалик органлари томонидан ўтказилган маблағлар ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар бериш, тақсимлаш, сотиш ҳамда ҳисоботларни юритиш тартибларини белгилайди.
 III. САНАТОРИЙЛАР ВА ДАМ ОЛИШ УЙЛАРИ ЙЎЛЛАНМАЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ, ЧИҚАРИШ ВА СОТИШНИ РЕЖАЛАШТИРИШ
3.1. Санаторийлар ва дам олиш уйлари учун йўлланмаларни тақсимлаш ва сотиш режаси Санатор-курортлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига тақдим этилган қабул жадваллари асосида, даволаш йўналишлари, йил мавсумлари, санаторийлардаги мавжуд ва фойдаланишга топшириладиган биноларнинг қабул қилиш қуввати ҳамда капитал таъмирлаш (қайта қуриш)га тўхтатилиш муддатлари режаларини ҳисобга олган ҳолда тузилади.
Йўлланмалар қуйидаги тартибда, яъни:
- санаторийда бир кишининг даволаниши учун;
- дам олиш уйида бир киши ёки унинг оилавий (жамоа) бўлиб дам олиши учун чиқарилади.
Санаторий йўлланмалари билан даволаниш муддати 14 кунни ташкил қилади.
3.2. Қурилиши тугалланиб, капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилган санаторийларга йўлланмалар, уларнинг фаолиятини бошлашга тайёр бўлган вақтдан бошлаб чиқарилади.
Қўшимча чиқарилган йўлланмалар ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг (бундан буён матнда "Бирлашма” деб юритилади) талабномалари асосида Санатор-курортлар бошқармасининг йўлланмаларни чиқариш режасига киритилади ва Федерация Кенгашининг Раёсати томонидан тасдиқланади. Ўз навбатида мазкур йўлланмаларга Санатор-курортлар бошқармаси томонидан "Қўшимча” штамп қўйилади.
3.3. Касаба уюшма аъзоларининг йўлланма олиш учун тақдим этган аризалари бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан аризаларни рўйхатга олиш китобида қайд этилади.
Туман, шаҳар тузилмасига эга бўлган тармоқ касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотлари келгуси йил учун йўлланмалар олишга талабномаларни, жорий йилнинг 20 августигача тегишли тармоқнинг туман, шаҳар кенгаши ва бирлашган қўмитасига тақдим этади.
Тармоқ касаба уюшмасининг туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталари ҳамда ушбу тузилмалари бўлмаган тармоқ касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотлари йўлланмалар учун йиғилган талабномаларни санаторийлар, дам олиш уйлари ва чораклар бўйича умумлаштириб, мавсумий эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Бирлашмаларга жорий йилнинг 1 сентябригача тақдим этади.
3.4. Бирлашмалар йўлланмалар бўйича қуйи ташкилотлардан йиғилган талабномаларни тармоқлар негизида санаторийлар, дам олиш уйлари ва чораклар бўйича умумлаштириб, мавсумий эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига жорий йилнинг 15 сентябригача тақдим этади.
3.5.Санатор-курортлар бошқармаси келгуси йил учун йўлланмалар чиқариш режасини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига жорий йилнинг 1 сентябрига қадар тақдим этади.
3.6.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг молия бўлими Санатор-курортлар бошқармаси томонидан тақдим этилган йўлланмаларни чиқариш режасига мувофиқ, Бирлашмалар томонидан тақдим этилган талабномалар асосида ҳудудлардаги тармоқ касаба уюшмалари ташкилотларининг даромадларини ҳисобга олган ҳолда, йўлланмаларни тақсимлаш режаси лойиҳасини Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфида бўлган жойлардаги санаторийларнинг даволанувчиларни қабул қилиш қувватидан унумли фойдаланган тарзда тузади ва уни Федерация Кенгаши Раёсатига тасдиқлаш учун киритади.
Ўз навбатида Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган йўлланмаларни тақсимлаш режасини жорий йилнинг 5 октябрига қадар Бирлашмаларга юборади.
3.7. Бирлашмалар Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган йўлланмаларни тасдиқлаш режасига мувофиқ, тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари томонидан тақдим этилган талабномаларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудуддаги тармоқлар бўйича йўлланмаларни тақсимлаш режасини тузади ва кенгашнинг раёсат қарори билан тасдиқлайди.
Ўз навбатида Бирлашмалар раёсати томонидан тасдиқланган тармоқлар бўйича йўлланмаларни тақсимлаш режасини жорий йилнинг 25 октябрига қадар тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотларига етказилишини таъминлайди.
Шунингдек, тасдиқланган йўлланмаларнинг тақсимот режасини бажарилиши бўйича масъулият шахсан Бирлашмалар раислари зиммасига юклатилади.
3.8. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари томонидан аъзолик бадаллари ялпи тушумининг 10 фоизини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилган талабномаларга мувофиқ, Бирлашмалар Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфида бўлмаган санаторий ва дам олиш уйлари йўлланмаларини қуйидаги ҳолларда, яъни:
бошқа корхона ва ташкилотларнинг санаторий ва дам олиш уйлари йўлланмаларининг баҳоси, Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфида бўлган санаторийларнинг ўртача баҳосидан юқори бўлмаганда;
Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфидаги санаторийлар йўлланмаларини тақсимлаш режаси тўлиқ бажарилганда;
Санатор-курортлар бошқармасидан олинган йўлланмалар бўйича қарздорликлар бўлмаганда;
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган йўлланмаларни тақсимлаш режасининг 20 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча равишда санаторий ва дам олиш уйлари билан шартномалар тузиш орқали сотиб олишлари мумкин.
3.9. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари Бирлашмалар раёсати томонидан тасдиқланган тармоқлар бўйича йўлланмаларни тақсимлаш режасига мувофиқ, бошланғич ташкилотлар томонидан тақдим этилган талабномалар ҳамда уларнинг даромадини ҳисобга олган ҳолда, бошланғич ташкилотлар бўйича йўлланмаларни тақсимлаш режасини тузади ва тегишли ташкилотларнинг раёсат, умумий йиғилиш қарори билан тасдиқлайди.
3.10. Санатор-курортлар бошқармаси Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган режа асосида келгуси йил йўлланмаларини сотиш учун Бирлашмалар билан ҳар йили 1 декабрга қадар шартномалар тузади.
3.11.Санатор-курортлар бошқармаси йўлланмаларни касаба уюшмалари ташкилотларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган йўлланмаларни тақсимлаш режасига мувофиқ, Федерация Кенгаши билан келишилган нархларда сотади.
Шунингдек, Санатор-курортлар бошқармаси йўлланмаларни касаба уюшмалари ташкилотларига устама нархларсиз сотилишини таъминлайди.
3.12.Санатор-курортлар бошқармаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишган ҳолда, кузги-қишки даврлар учун йўлланмаларнинг нархларини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
3.13.Санатор-курортлар бошқармаси томонидан келгуси йил учун йўлланмаларни Бирлашмаларга сотиш муддатлари қуйидаги тартибда белгиланади:
I чорак учун - 1 декабргача;
II чорак учун - 1 мартгача;
III чорак учун - 1 июнгача;
IV чорак учун - 1 сентябргача.
Санатор-курортлар бошқармаси ва санаторийлар касаба уюшмалари ташкилотларига аъзолик бадаллари ҳисобидан сотилган йўлланмаларни беришдан олдин йўлланмаларга "Касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан қопланган, қайта сотиш ёки бошқа ташкилотларга беришга рухсат этилмайди” деган штамп босади.
3.14. Муҳим сабаблар (қурилиш, реконструкция, таъмирлаш, табиат ҳодисалари ва бошқалар)га кўра йўлланмаларни тақсимлаш режаси бўйича сотиш, сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолларда, тегишли ташкилотларнинг хатлари асосида Федерация Кенгашининг молия бўлими Санатор-курортлар бошқармаси билан биргаликда йўлланмаларни сотиш режасига ўзгартириш ва Федерация Кенгаши Раёсатига тасдиқлаш учун киритиши мумкин.
3.15. Бирлашмалар томонидан шартномалар асосида сотиб олинган йўлланмалар тасдиқланган режалар асосида тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталари орқали бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига, шунингдек туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталари бўлмаган тармоқларда йўлланмаларни тўғридан-тўғри бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига, йўлланмаларнинг амал қилиш муддатидан камида 
30 кун аввал берилади.
3.16. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари томонидан йўлланмалар касаба уюшмасига аъзо бўлганига ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётганига камида 3 йил бўлган ишчи ва хизматчиларга берилади.
Ишчи ва хизматчилар касаба уюшма ёки ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланмалар олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба йўлланма берилади.
Санаторийлар ва дам олиш уйларида даволаниш ҳамда дам олиш учун сотиб олинган йўлланмалар, йўлланмалар нархининг қисман фоизи тўланганидан кейин берилади.
Йўлланмалар қийматининг касаба уюшма аъзолари томонидан тўланадиган миқдори Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг қарори билан тасдиқланади.
Шунингдек, санаторийлар ва дам олиш уйларида даволаниш ёки дам олиш учун аъзолик бадаллари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалар ўрнатилган тартибда ишчи ва хизматчиларнинг оила аъзолари (ота-она, турмуш ўртоғи ва фарзандлари)га қисман тўлов асосида ҳамда 100 фоиз тўлови билан ҳам берилиши мумкин.
Ўз навбатида, касаба уюшмалари ташкилотларида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган, касаба уюшмалари фаолиятини ривожланишига ҳиссасини қўшган ва касаба уюшма ташкилотларидан пенсияга чиққан пенсионерларга ҳам санаторий ёки дам олиш уйлари йўлланмалари имтиёзли равишда йўлланмалар нархининг қисман тўлови асосида берилиши мумкин.
3.17. Касаба уюшмаси аъзоларини имконият даражасида кўпроқ соғломлаштириш мақсадида, аъзолик бадаллари ҳисобидан қимматбаҳо, шунингдек, люкс-палаталарга йўлланмалар сотиб олиш таъқиқланади.
МДҲ ва чет эл мамлакатларининг санаторийлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий-санитар бирлашмаси (Кисловодск ва Ялта шаҳарларида жойлашган "Ўзбекистон” дам олиш-соғломлаштириш санаторийлари бундан мустасно) санаторийлари йўлланмаларини аъзолик бадаллари ҳисобидан сотиб олиш таъқиқланади.
3.18. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари касаба уюшма аъзоларига йўлланмаларни, уларнинг амал қилиш муддатидан камида 20 кун аввал аъзоларнинг йўлланма олиш учун тақдим этган аризаларни рўйхатга олиш китобида белгиланган навбат бўйича аъзолар томонидан йўлланмаларнинг қисман ёки тўлиқ қиймати тўланганлиги тўғрисидаги ва бошқа талаб қилинадиган тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганидан кейин беради.
Йўлланма олган шахслар томонидан, йўлланмаларнинг қисман ёки тўлиқ қиймати, улар олинган кундан кечикмасдан йўлланма берган тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотларининг кассасига, ҳисоб рақамига нақд пул ва пластик карточка орқали ёки пул ўтказиш йўли билан тўланади.
Ўз навбатида, касаба уюшма аъзоларига берилган йўлланмаларнинг қисман тўлови ёки 100 фоизи тўлиқ тўланиши ҳамда йўлланмалардан тўғри, мақсадли фойдаланилишига Бирлашмалар, тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари жавобгардир.
3.19. Миокард инфарктининг ўткир хуружидан кейин беморлар санаторийда даволанишни давом эттиришлари учун, уларга аъзолик бадаллари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалар соғлиқни сақлаш органларининг тавсиялари асосида умумий тартибда берилади.
3.20. Касаба уюшма аъзоларига берилган йўлланмаларда даволанувчи ёки дам олувчининг фамилияси, исми ва шарифи (паспорт маълумотлари бўйича), иш жойи, лавозими ва йўлланмани берган касаба уюшма ташкилотининг номи кўрсатилган бўлиши ҳамда касаба уюшма қўмитаси раисининг имзоси ва касаба уюшма қўмитасининг муҳри билан тасдиқланиши лозим.
Йўлланмага касаба уюшма қўмитаси томонидан қўйилган муҳр аниқ ўқиладиган даражада бўлиши керак.
Йўлланмаларни даволанувчилар ва дам олувчиларга тўлдирилмаган ҳолатда бериш таъқиқланади. Шунингдек, босилган муҳр кўринмайдиган йўлланмалар билан санаторий ва дам олиш уйларига даволанувчи ёки дам олувчиларни қабул қилиш ва барча маълумотлари тўлдирилган йўлланмаларга тузатишлар киритиб, бошқа шахсларни қабул қилиш қатъиян таъқиқланади.
Агар шундай ҳолатларда санаторий ва дам олиш уйларига даволанувчи ёки дам олувчилар қабул қилинса, ушбу йўлланмалар учун санаторий ва дам олиш уйлари раҳбарлари шахсан жавобгар бўлади.
Йўлланмаларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳолатлар аниқланганда, ушбу йўлланмаларнинг нусхасини санаторий ва дам олиш уйлари раҳбарлари Санатор-курортлар бошқармасига, ўз навбатида Санатор-курортлар бошқармаси уларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг йўлланмалардан мақсадли фойдаланишни ўрганувчи комиссияга тақдим этиши зарур.
3.21. Санаторийларга йўлланмалар даволанишга муҳтож бўлган касаба уюшмаси аъзоларига тиббий маълумотнома асосида берилади.
Шунингдек даволанувчи санаторийга санатор-курорт карта (0.7.2/У-шакл)ни тақдим этиши лозим, агар даволанувчининг касаллиги санаторийнинг даволаш йўналишларига тўғри келмаса, санаторий мутахассислари томонидан тузилган далолатнома асосида даволанувчилар санаторийга қабул қилинмайди.
Мазкур ҳолатларда йўлланмалардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида санаторийларнинг далолатномаси асосида Санатор-курортлар бошқармаси томонидан йўлланмаларнинг муддатини ўзгартириб берилиши мумкин.
3.22. Касаба уюшмаси аъзолари томонидан йўлланмалардан узрли сабабларга кўра фойдаланилмаган ҳолатларда, йўлланмаларнинг амал қилиш муддатидан камида 10 кун олдин тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, бошланғич ташкилотларига қайтарилиши лозим.
3.23. Касаба уюшмаси аъзолари томонидан тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, бошланғич ташкилотларига фойдаланилмаган ҳолда қайтарилган йўлланмалар, улар томонидан йўлланмаларнинг амал қилиш муддатидан камида 7 кун олдин Бирлашмаларга юк хати расмийлаштирилган ҳолда қайтарилади.
Йўлланмаларни қайтариш вақтида расмийлаштирилган юк хатига, аъзолар томонидан уларни қайтариш сабаблари кўрсатилган тушунтириш хати илова қилинади.
3.24. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, бошланғич ташкилотлари томонидан Бирлашмаларга қайтарилган йўлланмалар, улар томонидан йўлланмаларнинг амал қилиш муддатидан камида 5 кун олдин Санатор-курортлар бошқармасига қайтарилади.
3.25. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, бошланғич ташкилотлари аъзолик бадаллари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалардан айрим ходимларни, яъни:
- йўлланма олган ва улардан узрли сабабларсиз ўз вақтида фойдаланмаган;
- олинган йўланмаларни узоқ қариндош-уруғлари ёки бошқа бегона шахсларга берганлиги тўғрисида ҳолатлар аниқланганда, ходимларнинг имтиёзли йўлланмалардан фойдаланиш ҳуқуқини тегишли ҳужжатлар билан маълум муддатга чеклаб қўяди ҳамда йўлланмаларнинг тўлиқ қийматини айбдор шахслардан ундиради.
3.26. Касаба уюшма қўмиталари томонидан йўлланмалар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлайдиган шахсларга қисман тўлов фоизига, шунингдек тўлиқ нархида берилишига рухсат этилмайди.
IV. ЙЎЛЛАНМАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА УЛАРНИНГ ҲАРАКАТИ БЎЙИЧА ТУЗИЛАДИГАН ҲИСОБОТЛАРНИ ЮРИТИШ
4.1.Бирлашмалардан олинган йўлланмалар тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари томонидан ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан олинган йўлланмаларни ҳисобга олиш китобидан бошқа "Йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби”да юритилади.
Йўлланмалар юк хатига асосан ушбу китобга кирим қилинади ва ҳар бир йўлланма китобда алоҳида сатрда кўрсатилади. Йўлланмаларни даволанувчи ёки дам олувчиларга бериш вақтида китобга йўлланма берилган сана, кимга берилганлиги, тўлов ҳужжатларининг рақами, санаси ва тўлов суммаси ҳамда йўлланмани олган шахснинг имзоси қайд этилади.
Ўз навбатида, йўлланмаларни беришда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
- Ариза (шахсан йўлланма олувчининг номидан);
- йўлланма сўраган шахснинг паспорт нусхаси;
- тиббий маълумотнома;
- меҳнат таътили тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
- бошланғич касаба уюшма қўмитасининг қарори;
- туман, шаҳар ёки бирлашган касаба уюшма ташкилотларининг қарори;
- йўлланма нархининг қисман ёки тўлиқ тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат (квитанция ёки тўлов топшириқномаси).
Шунингдек, даволанувчи ва дам олувчи санаторий ёки дам олиш уйидан келганидан кейин, тегишли касаба уюшма қўмитасига йўлланманинг қайтариладиган талон қисмини топшириши ва ушбу талонни касаба уюшма қўмитасининг масъул ходимлари "Йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби”да қайд этиб қўйиши шарт.
4.2. Ҳисобот йили давомида олинган ҳар бир йўлланма бўйича юқорида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг, барча ҳужжатлар йўлланмаларни ҳисобга олиш китоби билан бирга, бошланғич ташкилотлар томонидан тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталарига топширилади ва уларда сақланади.
Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталарига эга бўлмаган тармоқларда юқоридаги ҳужжатлар бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида сақланади.
4.3. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари олинган йўлланмалар тўғрисидаги ҳисоботни йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича Бирлашмаларга ҳисобот давридан кейинги ойнинг 8-санаси (8 апрель, 8 июль, 8 октябрь ва 
8 январь)дан кечиктирмай топширишлари зарур.
Ҳисобот йўлланмаларни ҳисобга олиш китобидаги ёзувлар асосида тузилади ҳамда ҳисоботга маълумот қўшиб топширилади.
4.4. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари томонидан фойдаланилган йўлланмаларни ҳисобдан чиқариш мазкур Йўриқномада кўрсатилган маълумотлар асосида тегишли бухгалтерия проводкаларини бериш орқали амалга оширилади.
4.5. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган йўлланмаларнинг ҳисоб-китобини алоҳида тўғри ва аниқ юритилиши, ҳисоботлар тузилишини соддалаштириш мақсадида, умумий тартибда бухгалтерия ҳисобининг мемориал-ордер ёки ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан берилган йўлланмаларнинг ҳаракатини ҳисобга олувчи журнал-ордер шаклларидан фойдаланилиши мумкин.
4.6.Бирлашмалар томонидан аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган йўлланмалар, шунингдек фойдаланилмай қайтарилган йўлланмаларни кирим қилиш ҳам 4-сонли журнал-ордерда ҳисобга олинади.
Олинган йўлланмаларнинг юк хати ҳисобварақ-фактуралари 4-сонли журнал-ордер билан биргаликда сақланади.
4.7.Бирлашмалар томонидан олинган йўлланмаларнинг, шунингдек улар томонидан йўлланма олинган тегишли ташкилотларга қайтарилган чиқими ҳам 
5-сонли журнал-ордерда ҳисобга олинади.
Мазкур журнал-ордер билан йўлланмаларни чиқим қилиш учун расмийлаштирилган юк хати ҳисобварақ-фактуралар биргаликда сақланади.
4.8. Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган йўлланмаларнинг ҳаракати, кирими, чиқими ва ҳисобдан чиқарилиши учун бухгалтерия ҳисобининг мемориал-ордер ёки ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан олинган йўлланмаларнинг ҳаракатини ҳисобга олувчи журнал-ордер шаклларидан фойдаланилишидан қатъий назар, бухгалтерия ҳисоби проводкалари 21-сонли "Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти”нинг счётлар режасига мувофиқ берилади.
Шунингдек, расмийлаштирилган мемориал ёки журнал-ордерларда барча реквизитлар ўз вақтида аниқ ва тўғри тўлдирилиши лозим.
V. ЙЎЛЛАНМАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАСИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
5.1. Мазкур Йўриқномага амал қилиш тармоқ касаба уюшмаларининг Марказий кенгашлари, соҳалар бўйича Республика бирлашган қўмиталари, туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, бошланғич ташкилотлари, Бирлашмалар, Санатор-курортлар бошқармаси ҳамда унинг тасарруфидаги санаторийлар раҳбарлари ва йўлланмалар билан ишлайдиган масъул шахслари зиммасига юклатилади.
5.2. Санатор-курортлар бошқармаси ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечикмаган ҳолда, аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган йўлланмаларнинг тақсимот режасини бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот ҳамда ҳар бир санаторий бўйича йўлланмаларнинг ҳақиқий таннархи тўғрисидаги маълумотни Федерация Кенгашига тақдим этиб боради.
5.3. Даволаниш ёки дам олиш учун йўлланма олган шахслар йўлланмадан узрсиз сабабга кўра фойдаланмаса ёки йўлланмаларни бошқа шахсларга қайта сотса, ушбу йўлланмаларнинг тўлиқ қиймати аввал тўланган қисман фоизини ҳисобга олган ҳолда, йўлланмадан фойдаланмаган ёки қайта сотган шахслардан тўлиқ ундирилади.
Шунингдек, йўлланмалардан касаба уюшмалари ташкилотларининг айби билан фойдаланилмай (ўз вақтида берилмай) қолиш ёки уларни бегона шахсларга бериш ҳолатлари аниқланса, йўлланманинг тўлиқ қийматини айбдор шахслардан ундириш масаласи амалдаги қонунчиликка асосан тегишли ёки юқори касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан кўриб чиқилади.
5.4. Зарурий ҳолларда, Федерация Кенгашининг касаба уюшмалари ташкилотларида йўлланмалардан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш Комиссияси, касаба уюшмалари ташкилотлари ва санаторийларда йўлланмалардан тўғри фойдаланиш ҳолатларини ўрганади.
Шунингдек, Федерация Кенгаши молия бўлими ва Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси томонидан касаба уюшмалари ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижасида йўлланмалардан нотўғри фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганда, мазкур йўлланмалар учун жавобгар шахслардан ундирилган маблағлар тегишли касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг касаба уюшма бюджети ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
5.5. Санатор-курортлар бошқармаси касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан сотилган йўлланмалардан тўлиқ фойдаланганлик тўғрисида санаторийлардан маълумот йиғади ва уни йўлланмаларнинг рақамларини кўрсатилган ҳолда Бирлашмалар бўйича умумлаштириб Федерация Кенгашига тақдим этади.
Агар даволанувчилар турли сабабларга кўра, йўлланманинг муддати бўйича тўлиқ даволанмаганлик ҳолатлари аниқланса, ушбу йўлланмалардан фойдаланмаган қисмининг даволаниш ва овқатланиш қийматлари Санатор-курортлар бошқармаси орқали санаторийлардан йиғилиб, Федерация Кенгашининг касаба уюшма бюджети ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан Федерация Кенгаши Раёсатининг қарорига асосан, касаба уюшмаси аъзоларини соғломлаштириш ва дам олдириш учун қўшимча йўлланмалар олиниб, молиявий имконияти оғир бўлган касаба уюшмалари ташкилотларига Бирлашмалар орқали, тармоқ касаба уюшмаларининг жойлардаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига берилади.
5.6.Санаторийларнинг масъул шахслари даволанишга йўлланма билан келганларга йўлланманинг қайтариладиган талон қисмини беришлари ва унда даволанувчининг фамилияси, исми, шарифи ва санаторийда бўлган вақтини тўлиқ кўрсатиши ҳамда унга санаторий штампини босиши шарт. Шунингдек, йўлланманинг қайтариладиган талон қисмида санаторий рўйхатхонаси ходимининг фамилияси ва имзоси бўлиши зарур.
5.7.Йўлланманинг қайтариладиган талон қисми ундан фойдаланганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади, у йўқолган ҳолларда даволанувчи, дам олувчи санаторий ёки дам олиш уйида бўлган вақти кўрсатилган ҳамда санаторий ёки дам олиш уйи директори томонидан имзолаб, муҳр билан тасдиқланган маълумотнома йўлланмадан фойдаланганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
5.8.Йўлланмалардан тўғри фойдаланилиши устидан назорат тармоқ касаба уюшмаларининг Марказий кенгашлари, соҳалар бўйича Республика бирлашган қўмиталари, туман, шаҳар кенгашлари ва бирлашган қўмиталари, уларнинг тафтиш комиссиялари ҳамда Бирлашмалар томонидан амалга оширилади, йўлланмалардан нотўғри фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганда мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кўриш уларнинг раёсат йиғилишларида кўриб чиқилади.
VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА
Мазкур Йўриқнома тармоқ касаба уюшмалари Марказий, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари ҳамда Санатор-курортлар бошқармаси билан келишилган.