ҒОЛИБ ХАЛҚ ВОРИСЛАРИМИЗ

Куни кеча 2020 йил 30 март санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг "9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши” тўғрисидаги фармони имзоланди. Ўтган асрнинг 1939-1945 йилларида бўлган Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мисли кўрилмаган йўқотишлар, изтироблар, уқубатларни солган. Кўплаб халқлар қатори ўзбек халқи ҳам бу урушдан мислсиз азиятлар чеккан. Ҳозиргача мамлакатимиз бўйлаб бу уруш четлаб ўтган бирор хонадонни топиш мушкулдир.
1418 кун давом этган бу қирғинбарот урушда Ўзбекистоннинг ўзидан 1,5 миллиондан ортиқ киши иштирок этиб, беш юз мингга яқин бобо-ю, бобокалонларимиз жанггоҳларда ҳалок бўлишган. Фронт ортида эса юз минглаб аждодларимиз оғир шароитлардан вафот этишган. Яна қанчалари эса бедарак йўқолган, яраланган, асирликдаги концлагерларда азоб чекишган.
Айниқса урушнинг дастлабки 1941 йил ёзидан 1942 йилнинг кузигача бўлган даврида Москвадан ҳарбий стратегияни тўғри тадбиқ этмаслик, Сталиннинг тоталитар тартиботи оқибатида бир қанча халқларнинг, жумладан ўзбекларни ҳам ниҳоятда кўпи қирилиб кетишига сабаб бўлган. Немис-фашистлар бизнинг шаҳар ва кишлокларимизга бостириб кирмаган бўлсада тинчликсевар инсоният учун юртдошларимиз ҳам ғалаба дея жанг қилдилар. Урушнинг биринчи кунларидан бошлаб ватандошларимиз ўз ихтиёрлари билан фронтга жўнаб, охирги дамларигача мардлик ва жасорат ила душман билан курашдилар. Хотира китобининг Навоий вилоятига бағишланган жилдида урушда вилоятимиздан 8000 дан ортиқ киши ҳалок бўлганлиги кўрсатилган. Ўша даҳшатли йилларда фронт ортида ҳам боболаримиз, бувиларимиз фронт учун, ғалаба учун тинимсиз меҳнат қилишган. "Кармана пахта заводи ишчилари ҳар ой мудофаа фондига бир кунлик иш ҳақларини, "Пахта азамати” жамоа хўжалиги аъзоси Оллоқулов бир қуй ва 400 сўм пул, "Будёний” номли жамоа хўжалигидан Юсупов бир қорамол, бир тонна қуруқ мева ва бир ойлик иш ҳақини беришган”.* Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Халқимиз ўзи зўрға кун кўриб ўтирган бўлсада Карманадаги "Чармгар чорбоғ”га кўчириб келтирилган 4076-сонли эвакуация госпиталидаги ярадор жангчиларга, Украина давлатининг Мелитополь шаҳридан олиб келинган 365 нафар ота-онасиз қолган етим болаларга нон-туз беришган, уларни ўз фарзандларидек тарбиялашган. Бу болаларни уруш ўчоғидан Карманагача поездда олиб келган Анастасия Алексеева умрининг охиригача юртимизда қолиб, мехрибон халқимизга таҳсин айтиб яшади. Ана шундай биродарлик, бағрикенглик билан халқлар бир бўлиб, жипслашиб бу урушда ғалаба қозонганлар.
Бугунги кунга келиб бу уруш тўғрисида турли фикр билдирувчилар, ота-боболаримизнинг фронтдаги иштироки бўйича ҳар-хил гапларни турли кўринишда ёзувчилар ҳам бор.
Айрим кишиларимиз, хусусан баъзи ёшлар гўё ўзини Ватанпарварлигини кўрсатиш учун, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари Ўзбекистонни ҳимоя қилиш учун курашмаган, деган иддаони ҳам айтишмоқда. Ватан мустақиллигини алқаб, ҳур диёримизни жондек севувчи инсонлар каби айтамизки, бундай нописандлик ўтган авлодларимизга, айниқса ҳозирда тирик бўлган уруш қатнашчиларига нисбатан ўта ҳурматсизликдир.
Ўша пайтлар ҳар бир хонадон урушнинг оғриғини тўйди, қанчадан–қанча ота–боболаримизнинг ҳаёт шами сўнди. Биласизки, қишлоқларда ҳамма бир–бирига қариндош. Биргина келган "қора хат”дан қанча кўнгиллар азият чекарди. Қанча йиллар ўтсада, машъум уруш хотираси қалбларни ҳамон ларзага, азобга солади. Уни асло унутиб бўлмайди. Чунки миллионлаб шаҳидлар, жудоликлар эвазига қозонилган бу ғалаба нақадар қимматга тушганлигини ҳамиша чуқур ҳис қиламиз. Ёшлигимизда Шаҳрибону буви исмли қўшнимиз бўларди. Ҳеч кими йўқ, ёлғиз яшарди. Гоҳо уйнаб унинг ҳовлисига кирсак, бизларни эркалаб тухум берарди. Шунданмикин бу кампирни "Тити биби” дер эдик. Шу кампирнинг ҳам Нурилло исмли ёлғиз ўғли урушга кетиб ном-нишонсиз бедарак йўқолган. ”Тити биби” умрининг охиригача ўғлини кутиб яшади. Эшик "тақ” этса умид билан дарвозага қарарди. Бувимнинг акаси, бобом, бир амаким урушда бедарак йўқолган. Мунаввара бувим кўзи йўлга термулиб умрининг охиригача дилбандларини кутиб яшади. Карманалик Мубошира Аҳмедова қорнидаги ҳомиласи билан турмуш ўртоғини фронтга жўнатиб, умрининг охиригача беваликнинг аччиқ таъмини тотиб, ёлғиз ўғли билан яшади. Ҳамқишлоқларим Аҳрор Сафоев икки оёқсиз қайтиб келиб, чўлоқ деган ном олди. Асад Мансур акаларини темир йўл вокзалида 1941 йилда "қизил эшелон”га ўтқазиб урушга жўнатаётганда, бу уларни охирги кўриши эканлигини ҳис қилганмиди? Бозор Пўлатни қўлидаги ўқ парчаси умрининг охиригача танасида "юрган”ига нима дейсиз?
Булар каби урушнинг чексиз азиятларидан, жудоликларидан қийналганлар қанчадан–қанча. Мушфиқ халқимиз учун бугунги Ҳуррият замони ўз-ўзидан келмаган, бугунги авлод булар ҳақида билишлари, уларни ёдда сақлашлари керак. Иккинчи жаҳон урушига нисбатан танқидий муносабатларга жавобан айтиш жоизки, жангоҳларда ва фронт ортида ота-боболаримиз, муштипар онаримиз кўрсатган мислсиз қаҳрамонликларни ҳеч ким инкор этишга ҳақли эмас. Бундай қаҳрамонлик ва жасоратлар шак-шубҳасиз она-Ватанни фашист газандалардан қутқариб қолиш учун бўлган.
Ҳамон бу уруш яралари битгани йўқ, орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилиб, машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Яқин кунларгача Кармананинг асосий икки кўчасидан бири қаҳрамон Қўчқор Қаршиев номи билан аталар эди. Вилоятимиз маркази дарвозасига олиб борадиган, жасорат кўзгуси каби ялтираб турган бу кўча номини ҳам ўзгартириб юбордик. Ишонгим келадики халқимиз ўз қаҳрамонларини унутмайди. Яқинда нишонланажак "Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида вилоятда ягона бўлган уруш қаҳрамонининг номи, шони тикланишидан умидвормиз. Зеро хотира–азиз, қаҳрамонлар қадрлидир. Уларнинг ёрқин хотираси олдида ҳамиша таъзим бажо киламиз.
Шухрат ХАЛИЛОВ*("Хотира китоби” 6-бет. Т-1994й.)


© 2016 Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
Ортга қайтиш