КАСАБА УЮШМАЛАРИ - БОЛАЛАРГА » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган "Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси

   Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳар томонлама етук, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, иқтидорга, чуқур билим ва замонавий дунё қарашга эга бўлган, ўз тақдири ва Ватани келажаги учун масъулиятни зиммасига оладиган баркамол авлодни тарбиялаш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим йўналишлардан биридир.
Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида қатор йилларнинг "Соғлом авлод йили”, "Оналар ва болалар йили”, "Ёшлар йили”, "Баркамол авлод йили”, "Мустаҳкам оила йили”, "Соғлом бола йили” деб номланиши мамлакатимизда бу борадаги ишларнинг тизимли йўлга қўйилганлигидан далолат беради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ҳам мазкур йўналишда Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаган. Бу борада касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 2011 йилдан бошлаб "Касаба уюшмалари – болаларга” акциясини анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Акция доирасида қўйидаги тадбирлар амалга оширилмоқда:
1. Жамоа шартномаларига киритиш орқали боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш, корхоналарда ишлаётган ходимларнинг фарзандларига инглиз тили курсларида таълим олиш ҳаражатларини қоплаш;
2. Ёз мавсумида бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда болаларни касаба уюшмалари, ҳомийлар, маҳаллий ҳокимиликлар маблағлари ҳисобидан имтиёзли соғломлаштиришни ташкил этиш.
Бунда:
- болалар қизиқишларига қараб турли йўналишлардаги оромгоҳлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- Оролбўйи ҳудуди ҳамда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари болаларини, - "Меҳрибонлик” уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини, иқтидорли болаларни, - эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул соғломлаштирилишини ташкил этиш;
- Манзилли дастурга мувофиқ ҳар йили янги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
3. Билимлар куни арафасида илк бора мактабга қадам қўйган ўқувчилар учун "Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбирини ташкил этиш ва республиканинг чекка туманларидаги мактабларнинг 1-синф ўқувчиларига эсдалик совғалари, санитар-гигиеник воситалар жамланмасини топшириш;
4. 1 июнь – "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан  музейларга, цирк, ботаника, ҳайвонот, маданият ва истироҳат боғларига ва бошқа маданият муассасаларига, тарихий шаҳарларга кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда таълимда юқори натижаларни қўлга киритаётган ўқувчиларнинг ташрифини уюштириш.
5. Ҳар икки йилда бир марта корхона, ташкилотларга қарашли, шунингдек, туманлардаги маданият саройларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоалари ўртасида "Истиқлол ғунчалари” санъат фестивалини ўтказиш.
6. "Меҳрибонлик” уйлари, "Мурувват” болалар интернат-уйларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиб бориш.
7. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларига, хизмат даврида ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандларига Янги йил арча байрами совғаларини топшириш.
8. Санаторийларда болалар учун махсус хоналар ҳамда ёзги болалар ўйингоҳларини ташкил этиш.
9. Мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ногирон болалар ўртасида "Мафтункор ранглар жилоси” кўрик-танловини, "Футболимиз келажаги”, "Маҳалламиз пахлавонлари”, "Ёш қутқарувчи” мусобақаларини,  "Баркамол авлод”, "Умид нихоллари” спорт ўйинларини ҳамда ногирон болалар ўртасида паралимпия ўйинларини ўтказиш.