Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан "Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги” мавзусида "Навоийазот” Акциядорлик жамиятига қарашли "Ширин” маданият саройида ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди. Унда Федерация Кенгаши аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Сардор Салахутдинов, вилоят касаба уюшма фаоллари, вилоят Меҳнат бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлими, "Саноатгеоконтехназорат”ДИ Навоий вилоят минтақавий инспекцияси, вилоят ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
"Ширин” маданият саройи фоесида меҳнат муҳофазаси ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини таъминлашга оид кўргазма ташкил этилди.
Маълумки, меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларнинг вазифаси тубдан ўзгармоқда. Олдинлари, улар иш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни расмийлаштириш чоғида ёдга олинган бўлса, бугунги кунда айни шу бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш, хавф-хатарсиз фаолият кафолатини таъминловчи шахсга айланмоқда.
Хусусан, касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқлари ҳақида семинарда алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, "Меҳнатни муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати”, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида янги таҳрирдаги "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти, "Вилоятдаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги”, "Жамоатчилик назоратини намунали йўлга қўйган бошланғич ташкилот фаолияти”, "Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбир иштирокчилари эътиборига Федерацияси Кенгаши томонидан тайёрланган меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.
- Корхонамизда жамоа шартномасига асосан ходимларга шахсий ва гигиена воситаларини бепул бериш, меҳнат таътили, зарарли ишда ишловчи ходимларга қўшимча таътил бериш бўйича келишувлар белгилаб олинган, -деди "Навоий ИЭС” АЖ меҳнат муҳофазаси муҳандиси ўз маърузасида. – Шу келишувлар асосида жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар ходимларга шахсий химоя воситалари, махсус кийимлар ва электр қурилмаларида хавфсиз ишларни бажариш учун ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Семинар қатнашчилари, меҳнатни муҳофаза қилиш вакилларини иши намунали ташкил этилган корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Тадбир сўнгида бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолияти ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги намунали жиҳатлар атрофлича муҳокама этилди.
Тадбир фотолавҳалари билан фотогалереяда батафсил танишишингиз мумкин.
М.Қамбарова,
Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси Кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш
бўлими етакчи мутахассиси