Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Навоий вилоятига қарашли 38 та касаба уюшма қўмиталари мавжуд бўлиб уларнинг таркибига 22870 нафар касаба уюшмалари аъзолари бирлашган. Шулардан 1762 нафарини хотин - қизлар ташкил қилади.
Миллат саломатлигига она саломатлиги орқали эришилади. Бугун ҳаётга кенг татбиқ этилаётган ва ижобий самара бераётган "Соғлом она ва бола йили” дастури саломатлик муҳофазасида муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йил "Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида тармоқда ҳам бир қанча ижобий ишлар иамалга оширилди, -дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгшининг Навоий вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Боймурот Ниёзов. – Жумладан, ходимларнинг касалликка чалинишини олдини олиш мақсадида тармоқда ишловчи 1402 нафар хотин – қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, тиббий кўмакка муҳтож, қандли диабет касаллигига чалинган, туғма эшитиши паст, 14 ёшгача бўлган 7 нафар болаларга Республика Кенгаши томонидан гулькаметр ва эшитиш апаратлари тақдим қилинди. 250 нафардан ортиқ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин – қизлар касаба уюшма маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Бошланғич касаба уюшма ташкилотларида фаолият юритувчи 65 нафар кам таъминланган хотин-қизлар Республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳати уюштирилди.
Бундан ташқари тармоқ корхоналарида ишловчи ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 100 нафардан ортиқ фарзандларига ўқув-қуроллари тарқатилди. Халқаро болалар куни муносабати билан уларга концертга чипталар олиб берилди. Жорий йил ёзги дам олиш мавсумида ходимларнинг 140 нафар фарзанлари оромгоҳларда, имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Ходимлардан тушган ариза шикоятларни муддатида кўриб чиқиш, касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ҳимояланишини таъминлаш борасида уларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилаётган ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг қонунчилик билан белгиланган ваколатларидан кенг фойдаланишга эътибор кучайтирилди. Жорий йилнинг шу даврига қадар 2 та ариза ҳамда 10 дан ортиқ оғзаки мурожаат қонуний равишда ҳал этилди.
Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ходимлар ўртасида "Энг жонкуяр шифокор” ва "Энг намунали патриянж” кўрик – танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Тармоқда ишловчиларнинн асосий қисмини аёллар ташкил этганлиги боис, улар билан ишлашга кўпроқ эътибор қаратилаётир. Жумладан, "Соғлом оила”, "Аёл - борки олам мунаввар”, "Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан” каби кўплаб мавзуларда кўрик –танловлар, спорт мусобақалари, учрашувлар ташкил этиляпти.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида ишловчиларни жисмонан бақуват бўлишларини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг волейбол, шахмат, шашка ҳамда стол тенниси мусобақалари ўтказилди.
Вилоятдаги 3 та тиббиёт коллежида ва бошқа ташкилотларда ҳам "Соғлом она ва бола йили” га бағишлаб турли хил мавзуларда давра суҳбатлари, икки авлод учрашувлари уюштирилди. Яна, бундан ташқари вилоятимизда ташкил қилинган музейларга бориб, мутахассислар томонидан маънавият соатлари ўтказилди.
Дилафрўз Ўрозова,
"Ishonch” мухбири