Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, интилиш ва ташаббуслари, эзгу ғоя ва қарашларини муносиб қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларни ягона ғоялар атрофида бирлаштирган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бу борада ўрни беқиёс.
Ҳаракат томонидан қатор лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Бугун "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоятда 619 та бошланғич ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлиб, 166 мингдан зиёд ёшни ўз атрофига бирлаштирган.
— "Камолот" чин маънода ёшларнинг таянчи ва суянчига айланди, — дейди "Камолот" ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси Жамшид Ходжаев. — Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш, кашфиётчилик қобилиятини ривожлантириш, илмий изланишларини муносиб рағбатлантириш, спортда улкан муваффақиятларни қўлга киритишларида Ҳаракатнинг салмоқли хизматлари бор. Хусусан, ҳисобот даврида турли мусобақа ва танловларнинг мамлакат босқичларида вилоятимиздан 235 нафар ёш ғолибликни қўлга киритгани бунинг ёрқин далилидир.
Ўтган давр мобайнида ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган "Менинг бизнес ғоям" республика танловида 10 нафар ташаббускор ёш ғолибликни қўлга киритиб, тижорат банкларининг 160 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, "Ёш тадбиркор — юртга мададкор" кўрик-танловининг 2014-2015 йилги республика босқичида ғолиб бўлган 4 нафар ёш ишбилармон имтиёзли равишда 185 миллион сўмлик банк кредити маблағларига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги "Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, вилоятдаги 280 нафар иқтидорли ёш "Камолот" уйлари соҳиби бўлди.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган, Ватанимиз обрўсини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётган 4 нафар ёш "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Анжуманда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, "оммавий маданият" ва ахборот хуружларига қарши курашишда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, таълим сифатини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши фаолиятига оид ҳисоботлар тингланди ва келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Анжуманда Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди.
Конференцияда вилоят ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.