Китобга меҳр боғчадан бошланади » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
Китобга меҳр боғчадан бошланади

Китобга меҳр боғчадан бошланади

Китоб билан дўстлашган боланинг тафаккур олами бойиб, дунёқараши кенгайиб, маънавияти юксалиб бориши кўпчиликка маълум. Бундай болалар келгусида ҳаётдан муносиб ўрин эгаллаши, давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук шахслар сифатида шаклланиши сир эмас. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда болажонларда имкон қадар эртароқ китобга меҳр уйғотишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган "Мактабгача таълим – баркамол авлод пойдевори” мавзуидаги семинар-тренингда ҳам шу ҳақда атрофлича фикр юритилди. Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда навоийлик ёш оналар ҳамда мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Улар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти кўмагида амалга оширилаётган "Мактабгача ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш” лойиҳаси координатори Нодира Шотурсунованинг мавзуга оид маълумотларини катта эътибор билан тингладилар. Шунинг баробарида ёш оналар ва мактабгача таълим муассасалари мутахассислари фарзандларни эрта ёшдан китоб ўқишга қизиқтириш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашиб, ўзларининг бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов сўзга чиқиб, тўпланганлар эътиборини бадиий китоблар ўқишнинг бола тарбиясидаги аҳамиятини халқ оғзаки ижодининг бебаҳо намунаси – "Алпомиш” достони мисолида тушунтириб берди. – Бугунги тадбир биз ёш оналар учун жуда фойдали бўлди, – дейди "Матонат” маҳалласида яшовчи Гўзал Ҳамидова. – Фарзанд тарбиясида, унинг ҳар жиҳатдан баркамол инсон бўлиб шаклланишида китоб бизнинг ҳақиқий ёрдамчимиз эканлигига яна бир бор чуқур ишонч ҳосил қилдик. Тадбирда ёш оналар фарзандларини мактабга тайёрлаш, мактабгача таълим муассасалари қошидаги қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисидаги саволларига ҳам тўлақонли жавоблар олишди.

BOSHQA YANGILIKLAR