ЮКСАК ЭЪТИБОРДАН ҚУВОНЧИМИЗ ЧЕКСИЗ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
ЮКСАК ЭЪТИБОРДАН ҚУВОНЧИМИЗ ЧЕКСИЗ

ЮКСАК ЭЪТИБОРДАН ҚУВОНЧИМИЗ ЧЕКСИЗ

Бугунги кунда юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати туфайли кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, ногирон инсонларга катта эътибор қаратилаяпти.  
Жумладан, биз ҳам куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Президентимизнинг давлат совғаси – барча шароитлари мавжуд бўлган икки хонали уйга эга бўлдик. Бугун қувончимнинг чеки йўқ. Оилада 4 кишимиз. Ўзим 14 ёшда, биринчи гуруҳ ногирониман. Дадажоним Шуҳрат Йўлдошев иккинчи гуруҳ ногирони. Онам Ниёзова Жамила ва синглим Ниёзова Нилуфар билан бизга берилган уйга кўчиб ўтдик.
Авваллари деярли тўққиз йил давомида ижарада қийналиб яшардик. Гоҳида тез-тез турли жойларга кўчиб ўтишга ҳам мажбур бўлганмиз. Шунча йиллар давомида қачондир бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлармикан, деб орзу қилардим. Чунки инсон борки, аввало оиласининг турмуш фаровонлиги учун ҳаракат қилади, албатта. Оиласидан, уйидан кўнгли хотиржам бўлган кишилар дунёдаги энг бахтли кишилардир.
Шу куни катта тантана билан мен каби яна 11 оилага ҳам шундай уйлар насиб қилди. Қўлимга калит ва сертификат тутқазишганда кўнглим фахр-ифтихорга тўлди. Шундай бағрикенг юртда туғилганимга, бизнинг халқпарвар, ғамхўр юртбошимиз борлигига яна бир бор шукрона айтдим. Бу кун бутун умр хотирамда муҳрланиб қолди.
Бизга берилган уйни кўриб, кўзларимга қувонч ёшлари келди. Мен бундай жойга эга бўлишни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ошхона ва ётоқхона мебеллари, телевизор, музлаткич, газплита билан таъминланган хонадонда барча қулайликлар мавжуд. Ҳаттоки, давлатимиз мен каби аравача билан ҳаракатланадиган ногиронларни ҳам алоҳида эътиборга олиб, уйга кираверишда "пандус” – аравачада бемалол ҳаракатланса бўладиган йўлакча ҳам қуришибди.
Биз каби эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатилаётгани учун Президентимиздан бутун оиламиз билан беҳад миннатдормиз.
Манба: http://navoiy.uz

BOSHQA YANGILIKLAR