БИЗ ВАТАН ПОСБОНЛАРИМИЗ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
БИЗ ВАТАН ПОСБОНЛАРИМИЗ

БИЗ ВАТАН ПОСБОНЛАРИМИЗ

Жорий йилнинг 12 январь санасида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Навоий педагогика коллежининг спорт залида "Биз Ватан посбонларимиз” шиори остида тумандаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ҳарбий – амалий кўпкураш спорт мусобақаси ўтказилди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман кенгаши, туман ҳокимлиги, туман "Ватанпарварлик” ташкилоти, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда "Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўқувчилар, ўқитувчилар ва ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Кармана тумани "Ватанпарварлик” ташкилоти бошлиғи Хусан Исматов юртимизда соҳадаги ислоҳотлар шарофати билан ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида тўхталди. Юртни ҳимоя қилиш эр йигитларнинг бурчи эканлиги, уларни тарбиялаб вояга етказган оналар ҳам эҳтиромга лойиқлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбир иштирокчиларини Кармана туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаев ва "Ватанпарварлик” ташкилоти бошлиғи Хусан Исматовлар байрам билан табрикладилар.

Мен ёшлигимдан ҳарбий кийим кийиб юрадиган соҳа вакилларига ҳавас қиламан, келажакда улар каби шарафли касб эгаси бўлишни орзу қиламан, - дейди мусобақа иштирокчиси Навоий педагогика коллежи ўқувчиси Маъмур Рустамов.

Мусобақа якуни бўйича 1-ўрин Навоий педагогика коллежи жамоаси, 2-ўрин Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар жамоаси, 3-ўрин Кармана саноат касб-ҳунар жамоасига насиб этди. Байрам арафасида қатнашувчилар учунош ташкил этилиб, ғолиблар туман таълим касаба уюшмаси ва "Ватанпарвар” ташкилотининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Кармана саноат касб-ҳунар коллежида байрамга бағишлаб "Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда кекса авлод вакилларидан фронт орти меҳнат фахрийси, байналминалчи жангчи, ички ишлар фахрийлари ҳамда хизмат вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилалари таклиф этилди. Унда коллеж ўқувчилари ва педагоглар иштирок этди.

Мен 40 йил давомида ўқитувчилик касбида ишлаб нафақага чиққанман, - дейди Кармана тумани "Мирсаид Баҳром” МФЙда истиқомат қилувчи Бобоқул Мирзаев. – Бугунги учрашувда кўнглим бироз ёшаргандай бўлди. Айниқса, сиз каби март ва жасур ўғлонларнинг кўзи ва сўзида Ватанга бўлган меҳр ва муҳаббат акс этиб турганини сездим.

Тадбир сўнгида фахрийларга таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман кенгаши томонидан эсдалик совғалари берилди.

Улуғбек Мусаев,

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба

уюшмаси Кармана туман

кенгаши раиси.

BOSHQA YANGILIKLAR