ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭЪТИБОРИДА » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭЪТИБОРИДА

ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭЪТИБОРИДА

Вилоятимизда, туманимизда ҳар бир киши бориб кўриши лозим бўлган тарихий қадамжолар, табиати хушманзара ҳудудлар кўп. Бу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда ташкилоту корхоналар томонидан ишчи-ходимлар, нуроний отахону онахонлар иштирокида турли саёҳатлар ташкил этилаяпти. Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги "Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада муҳим дастуриамал бўлмоқда.

Яқинда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман Кенгаши ташаббуси билан Зарафшон пахта сервис ташкилоти ҳомийлиги асосида агросаноат тизимида узоқ йиллар фаолият кўрсатган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ҳамда фаол фермер хўжаликларининг ишчи-ходимлари билан Нурота туманидаги "Чашма” зиёратгоҳи ҳамда туманимиздаги бир қатор тарихий қадамжоларга саёҳат ташкил этилди.

Эрта тонгдан туманимиздаги Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланган саёҳат кун бўйи давом этди.

— Нурота туманидаги "Чашма” зиёратгоҳи ҳақида деярли барча билади, лекин бу нурли масканга ҳамма ҳам вақт топиб бориб кўрмаган, — дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман Кенгаши раиси Ўткир Ражабов. — Меҳнат фахрийлари саёҳатдан мамнун бўлишди. Бу каби тадбирларни кўплаб ўтказишимиз, фуқароларимизни вилоятимиздаги саёҳатбоп жойлар билан мунтазам таништириб боришимиз керак.

Саёҳатчилар учун туман Кенгаши томонидан ташкил этилган тушликдан сўнг навбатдаги манзил вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи бўлди. Саёҳатчилар бу ерда вилоятимиз тарихига оид кўплаб экспонатлар билан танишдилар. Айниқса, архиеологик қазилмалар пайтида туманимиз ҳудудидан топилган ноёб сапол идишлар уларда катта қизиқиш уйғотди.

Саёҳатчилар шу куни туманимиз марказидаги Мир Сайид Баҳром мақбарасида ҳам бўлишиб, бу ерда амалга оширилган таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

Кармана туман АСМ касаба уюшмаси ходими Ф.Юсупова.

BOSHQA YANGILIKLAR