Навоий вилоятидаги "Жанубсаноатмонтаж” акциядорлик жамиятида жамоа шартномасининг 2017 йилдаги ижросига бағишланганконференция бўлиб ўтди.
Унда 40 нафарга яқин делегат, Ўзбекистон касаба уюшмалариФедерацияси Кенгаши вакили, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакили, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашининг ҳудудий масъул ташкилотчилари ҳамда жамият раҳбарияти иштирок этди.
"Жанубсаноатмонтаж” АЖ директори Мардон Расулов ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси Насиба Шапроннинг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, жорий йил учун жамоа шартномасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур акциядорлик жамиятида 180 нафар ходим меҳнат қилади. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларининг 9 нафарига моддий ёрдам берилди. Янги йил байрами муносабати билан корхона ишчиларининг фарзандларининг 90 нафарига байрам совғалари улашилди. Шунингдек, Наврўз арафасида мазмунли хордиқ олишлари учун концерт ва байрам дастурхони ташкил этилди. Ходимлар манфаатини кўзлаб бир маҳал бепул иссиқ овқат ва ишга келиб-кетиши учун икки йўналишдаги автобус ташкил этилди. Бундан ташқари барча меҳнаткашларга меҳнат хавфсизлиги бўйича махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари олиб берилди. Жамоада "Уста-шогирд” йўналишида ишлаш, ходимлар фарзандлари учун ғамхўрлик қилиш ҳам йўлга қўйилган.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Конференцияда ЎзКУФК вакили Дўсмурод Тўйчиев касаба уюшма фаолиятини янада жонлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Шухрат Халилов