Ёз болажонларимиз орзиқиб кутган қувноқ, мароқли палла ҳисобланади. Сабаби бу мавсумда уларнинг мазза қилиб ўйнаши, ота-онаси билан дам олиш масканларига бориши, сув ҳавзаларида чўмилиши учун яхшигина имкон туғилади. Бундан ташқари, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдаланишлари, ҳунар ўрганишлари, янги ўқув йилига ҳар жиҳатдан тайёр бўлиб боришлари учун барча шароитлар яратилган.
Биргина вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли "Ишонч” оромгоҳининг очилиш маросимига борганимизда бу ерда келажагимиз ворислари учун яратилган шароитларни кўриб баҳри-дилимиз очилди.
Бундан бир неча йиллар олдин кўримсиз, шароити ҳам ҳаминқадар бўлган "Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг ҳозирги кўринишини таърифлаб бериш қийин.
-Жорий йилда оромгоҳимизда тўртта мавсумда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар таътилни мазмунли ўтказиши режалаштирилди, - дейди биз билан суҳбатда оромгоҳ директори Дилфуза Жалилова. – Айни пайтда, иккинчи мавсумимиз бошланиб кетди. Уни "Эртаклар оламида” деб номладик. Тўрт мавсум давомида 400 нафар ўқил-қизнинг мазмунли дам олиши учун режа-тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Малакали мураббий ва тарбиячилар томонидан болажонлар учун турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, лойиҳалар ва ўнлаб тўгараклар ташкил қилинди.
Бундан ташқари, ҳароратнинг меъёрдан ортиқ исиб кетиши, офтоб уруш хавфи кучайган паллада болажонларни соя жойларда сақлаш, салқин ичимликлар таъминотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббиёт пункти ходимлари ва отряд тарбиячилари ва етакчиларитомонидан болалар соғлиги доимий назорат олиб борилади. Махсус фитобар ташкил этилган.
Дарвоқе, инглиз тили, рақс, расм, моҳир қўллар, бисер каби кўплаб тикиш тўгараклари эса болаларнинг истеъдодлари сайқал топишига ёрдам бермоқда. Айниқса, оромгоҳда янги типдаги ташкил этилган басейн ёзнинг қайноқ кунларида болаларнинг кулгуси билан тўла.
-Мазкур оромгоҳга, иккинчи бор келишим,- дейди Кармана тумани 12 мактаб ўқувчиси Гулинисо Нормуродова. -Келган кунимнинг ўзидаёқ янги дўстлар орттирдим. Улар билан вақтимиз мазмунли ўтмоқда. Айниқса, турли спорт мусобақаларида фаол бўлишга ҳаракат қиляпман.
Оромгоҳ кутубхонаси фондида 350 дан ортиқ китоб мавжуд. Турли энциклопедия ва эртак китоблар болаларнинг севимли мутолаа манбаи эканини гувоҳи бўлдик.
Қўли ширин ошпазлар томонидан болажонларга 5 маҳал иссиқ овқат тайёрланади. Шириндан ширин пишириқлар ва дармондорига бой ичимликлар болажонлар кучига куч қўшади.
-Буларнинг барчаси дилбандларимизга бўлган юксак эътиборнинг бир намунаси, -дейди суҳбатимиз якунида Дилфуза Жалилова. Истагимиз ҳар бир бола мароқли ва мазмунли дам олиб, уйларига, ота-оналарининг бағрига соғ-омон қайтсин.