Навоий вилоят ҳокимлиги мажлислар залида "Вилоят ҳокимлиги, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида вилоят аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган ҳудудий келишув" бўйича 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар, нодавлат ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Маълумки, Ҳудудий келишувдан кўзланган асосий мақсад эса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар Стратегиясида белгиланган вазифалар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини, мустақил Ўзбекистон манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, давлат, иш берувчилар ва ходимларнинг ижтимоий масъулиятини тан олиб, ходимлар ва иш берувчиларнингмеҳнатга оид ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаб туришларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ижтимоий шериклик тамойиллари асосида иш олиб боришдан иборатдир.
Ҳудудий келишувга кўра вилоят ҳокимлиги ҳисоботида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди: вилоятда 2018 йилда 38 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиб, дастур 105,1 фоизга уддаланиб, янги иш ўринларининг 12 мингдан кўпроғи иқтисодиётда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудлари фаолиятини кенгайтириш орқали амалга оширилган.
Ўтган йилда жами рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари 9143 тани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1355 тага кўп демакдир. Уларнинг 1810 таси янги ташкил этилган кичик бизнес субъектларидир. Бунга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишида тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилишининг қарийб икки бараварга ошганлиги муҳим асос бўлмоқда. Ажратилган 1 трлн. 454 млрд.сўм миқдордаги кредитларнинг 53,4 млрд.сўми "Ҳар бир оила-тадбиркор" дастури доирасида 3331 нафар фуқарога чорвачилик, паррандачилик ва иссиқхона ташкил қилиш, тикувчилик ускуналари хариди, асаларичилик, балиқчилик, қандолатчиликни йўлга қўйиш учун ҳамда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилди ва ҳудудларда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ҳаёти фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
2018 йилда "Обод қишлоқ” дастури асосида вилоятимизнинг саккизта ҳудудидаги 67 минг 340 нафар аҳолининг фаровонлиги таъминланди. Унга кўра 16 та қишлоқнинг 11372 хонадонида ободонлаштириш ишлари,
151 километрлик электр, 136 километрлик газ, 256 километрлик ички йўл,
126 километрлик ичимлик сув тармоқлари, 91 та ижтимоий соҳа, 57 та инфратузилма объектларида таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги "Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли, 2017 йил 29 сентябрдаги "Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3301-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Комиссиянинг хулосаси асосида Томди, Конимех, Учқудуқ туманларининг олис чўл худудларида жойлашган бюджет ташкилотларида ишлаётган олий маълумотли мутахассисларга қарорда назарда тутилган имтиёзлар учун вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан маблағлар молиялаштириб берилган. Шунингдек, чўл ҳудудларида истиқомат қилган 165 нафари (Томдидан 26 нафар, Конимехдан 64 нафар, Учқудуқдан 75 нафар) абитуриентлар имтиёз билан Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятидаги олийгоҳларга қўшимча грант асосида ўқишга жойлаштирилган.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма Кенгаши раиси ўринбосари Шухрат Халилов ўз ҳисоботида касаба уюшма ҳузурида фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасида, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, манфаатларини таъминлаш, кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш, уларнинг халқаро ва миллий стандартларга оид билимларини ошириш, демократик қадриятлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига содиқлик руҳида тарбиялаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида тузилган "Юридик клиника”да фуқаролар ва юридик шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиб келинаётганлигини айтиб ўтди.
Меҳнат қонунчилиги бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар томонидан мазкур қонунбузилиши бартараф этилмаган ҳолларда, суд органларига мурожаат қилишдан олдин, юридик шахсларнинг юқори органлари билан ижтимоий шериклик асосида ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мулоқотлар олиб бориб, меҳнат қонунчилиги бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар томонидан мазкур қонунбузилиши бартараф этилиши юзасидан 27 та тақдимномалар, 14 даъво аризалари ҳамда иш берувчиларга берилган тақдимномалар орқали ишчи ходимларларга жами бўлиб 140.921.667 сўм маблағ ундириб берилишига эришилган.
"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ жамоа шартномаларида кам таъминланган оилалар, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига ижтимоий кафолат ва ижтимоий ҳимоя қисмига биноан моддий қўллаб-қувватлаш, аёллар ва ёшлар учун маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга бир қанча имтиёзлар берилган.
Йиғилиш сўнггида иштирокчилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мутахассиси.