ҲАФТАЛИК БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан "Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида бошланган "меҳнат муҳофазаси ҳафталиги” Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши назорати билан барча тармоқлар иштирокида касаба уюшмаларига қарашли вилоятдаги ташкилот ва корхоналарда мазкур санага бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Хусусан, жорий йилнинг 26 апрелъ санасида вилоят Давлат архиви мажлислар залида Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тармоқ тизимида фаолият юритаётган ходимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирни Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Назира Тоғаева кириш сўзи билан очиб берди. Унда "Навоий вилоятида ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг таҳлили” тўғрисида Бандлик Бош бошқармаси давлат меҳнат техник инспекцияси бошлиғи Олим Кенжаев, "Меҳнат шароитлари ва унинг умумий касб касалликлари, меҳнат жароҳатларининг келиб чиқишидаги аҳамияти ва нохуш ҳолатларни олдини олиш йўллари” тўғрисида Навоий шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати маркази Меҳнат гигиенаси бўлинмаси мудираси Гулбаҳор Хасанова ва "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганларга бир йўла ва ойма-ой тўланадиган зарар тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида” "ЎзАгросуғурта” ДСК вакили Гулшан Жумаева ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Дарвоқе, "Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”нинг асосий мақсади ҳам - бутун дунёда хавфсизлик маданияти ва меҳнат гигиенасига амал қилишдир. Тадбирларнинг Республика миқёсида ўтказилишининг долзарблиги ҳам шундан иборатдир.
Эътиборлиси, тадбирларда олинган маълумотлар, алмашилган фикрлар ва белгиланган вазифалар келгусида республикадаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини тизимли равишда таҳлил этиш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбати Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид муаммолар ва уларни ечимига оид фикр-мулоҳазага бой тарзда кечди.