МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Маълумки, "28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”. 2003 йил 28 апрелдан бери ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан нишонлаб келинаётган анъанага айланган тадбир - бутун дунё ҳамжамиятини катта муаммога, яъни иш жойларида содир бўлаётган оқибати енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни, касб-касалликларга чалинишни олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратилмоқда. Шу муносабат билан, Республикамизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан "Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида бошланган "меҳнат муҳофазаси ҳафталиги” Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши назорати билан барча тармоқлар иштирокида жорий йилнинг 22-26 апрель кунлари касаба уюшмаларига қарашли вилоятдаги ташкилот ва корхоналарда шу жумладан, 22 апрель куни Кончилик коллежида, 23 апрель куни Соғлиқни сақлаш бошқармасида, 24 апрель куни Дон маҳсулотлари акциодарлик жамиятида, 25 апрел куни "Навоийазот” АЖда, 26 апрель куни вилоят архивида мазкур санага бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
"Навоийазот” акциядорлик жамиятида мазкур санага бағишлаб ўтказилган давра суҳбати ҳам юқори даражада ташкил этилди.
Унда "Хавфсиз меҳнат шароитини яратиш ва меҳнатни мухофазасини таъминлаш” тўғрисида Сиддиқ Нурназаров, "Саноат хафвсизлигини таъминлаш” мавзусида Феруз Умрзоқов, "Касб касалликлари, меҳнат жароҳатларининг келиб чиқиши сабаблари, дастлабки ва даврий тиббий кўрик” тўғрисида Телман Хасанов, "Навоий вилоятида ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг таҳлили” тўғрисида Бандлик Бош бошқармаси давлат меҳнат техник инспекцияси бошлиғи Олим Кенжаев, "Корхонада меҳнатни муҳофаза қилишнинг меъёр ва қоидаларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини ташкиллаштириш ва бунда касаба уюшмасининг вазифалари” тўғрисида Хусен Латипов кабилар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Энг қувонарлиси, давра суҳбати иштирокчилари меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини олдини олишга иш берувчилар ва ходимлар эътиборини кучайтириш, меҳнатга оид норматив ҳужжатларга амал қилиниши устидан жамоат назоратини олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўрганган ҳолда ҳамкорликда ечимини топиш бўйича фикр алмашишди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволга соҳа вакиллари томонидан атрофлича жавоб олдилар.