"Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти газ таъминоти бўйича ҳудудий филиалининг мажлислар залида "28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди. "Хавсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Тўхта Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг котибият мудири Турсунбой Ниёзов, Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлим мудири Хуршид Умаров, вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Солиев, вилоят касаба уюшма фаоллари, корхона, ташкилот ва муассасаларининг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассисилари, вилоят бандлик Бош Бошқармаси, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Газ таъминоти бўйича ҳудудий филиал биносининг кириш қисми "28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” ёзуви туширилган баннерлар ҳамда аъзо ташкилот ва корхоналарнинг меҳнат муҳофазасига оид кўргазмалари ташкил этилди.
Давра суҳбатини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Н. Тоғаева кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир давомида "Навоий вилоятида ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг таҳлили”, "Ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида ишларни бехатар олиб бориш усуллари”, "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганларга бир йўла ва ойма-ой тўланадиган зарар тўловларини тўлаш тартиби” тўғрисидаги маърузалар тингланди.
Шунингдек, "Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”нинг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Кўрик-танловда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини йўлга қуйган корхона, ташкилот ва муассасалар, касаба уюшма қўмиталари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллари ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассислар иштирок этиб, турли номинациялар бўйича ғолиб бўлдилар. Кўрик-танловнинг "Энг яхши ташкилот”, "Энг яхши касаба уюшма қўмитаси” ҳамда "Энг яхши вакил” номинациялари бўйича вилоят босқичида 1-2 - 3-ўринни эгаллаган ғолиблар вилоят касаба уюшмаларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари "Навоий ИЭС” АЖ 478-сонли газ-буғ қурилмаси цехига ташриф буюриб, у ерда фаолият юритаётган ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ўтган "меҳнат муҳофазаси ҳафталиги” давомида Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши назорати билан барча тармоқлар иштирокида жорий йилнинг 22-26 апрель кунлари касаба уюшмаларига қарашли вилоятдаги ташкилот ва корхоналарда, жумладан, Кончилик коллежи, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Навоийдонмаҳсулотлари” "Навоийазот” акциядорлик жамиятлари ҳамда вилоят Давлат архивида "Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” мавзусига бағишланган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, кўргазмалар ташкил этилди.
Махбуба КАМБАРОВА,
Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси.