Навоий шаҳридаги "Ширин” маданият саройида "Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” вилоят танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят касаба уюшма фаоллари, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши вакиллари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалари ёш мутахассис ходимлари ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштрок этди.
Бугун қай бир соҳани олмайлик ўз билими ва меҳнатсеварлиги билан касбдошларига ўрнак бўлаётган, ўз йўналиши бўйича юксак чўққиларга интилаётган ёшларни ҳар қадамда учратамиз. Албатта, бундай шижоатли касб фидойилари жамиятимиз ривожи ва равнақида ўз ўрнига эга. "Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” кўрик-танлови эса ёш кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш баробарида, уларга янада куч ва ғайрат бағишлади.
Тадбир иштирокчиларини табриклаш учун сўзга чиққан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Назира Тоғаева, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Умид Баҳрамов ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Шухрат Халиловлар ҳам ўз нутқида давлатимиз раҳбари томонидан ёш авлод тақдирига юксак эътибор қаратилаётгани, ҳозирги кунда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида таъкидлашди. Шунингдек, мазкур танлов ёш кадрларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ва қобилятли мутахассисларни аниқлаш, касбий маҳорати ва касбий даражасини ошириш мақсадида ташкил этилаётганлиги, замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам фаолият юритаётган ёш малакали ходимларнинг юртимиз равнақи, ватанимиз тараққиёти учун янада масъулият билан фаолият юритишга ундаб, самарали меҳнати ўсиб келаётган келажак авлодга ўрнак бўлиши тўғрисида сўзлади.
Ўтказилган вилоят босқичида "Компьютер ва компьютер жиҳозларини ишлатиш ва дастурий таъминоти бўйича техник” номинацияси бўйича 1-ўринга Ғолибжон Ҳалимов, "Қурилиш пардозлаш ишлари устаси” номинацияси 1- ўринга Сунатилло Саъдуллаев, "Ортопедик стоматология техниги” номинацияси 1-ўринга Гулрух Икромова, "Ошпаз” номинацияси 1-ўринга Нафиса Олимова, "Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинациясига Насиба Абдуллаева, "Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги” номинациясига Сухробжон Қувондиқов, "Суғурта агенти” номинациясига Азизбек Халиков, "Бухалтер” номинациясига Акбар Атоев, "Рассом” номинациси 1-ўринга Дилобар Рўзиевалар лойиқ топилди. Мазкур кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари I, II, III даражали дипломлар ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат Филармонияси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси, "Ширин” маданият саройи жамоси кабилар фаол ҳамкорлиги учун ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.
-Ушбу танловда иштирок этганимдан ҳамда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман, - дейди "Компьютер ва компьютер жиҳозларини ишлатиш ва дастурий таъминоти бўйича техник” номинацияси бўйича танлов ғолиби Навоий давлат педагогика институти АКТ ходими Ғолибжон Ҳалимов. – Инсон ўзи қизиққан касбда фаолият юритса, албатта юксак чўққиларни забт этади. Бугунги рағбат эса мени ўз соҳамда янада қизиқиш ва иштиёқ билан фаолият юритишимда туртки бўлди.