
ҚИЗИЛҚУМНИНГ БАХТИЁР БОЛАЛАРИ
Ўзининг тоза ҳавоси, чашмадек тиниқ зилол суви, серсоя дарахтлари билан болажонларга манзур бўлаётган Зарафшон шаҳридаги Навоий Кон Металлургия Комбинатига қарашли "Зарафшон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳар йили ёз фаслида ўз бағрига вилоятимизнинг Зарафшон, Навоий, Учқудуқ, Нурото, Конимех, Томди ва Хоразм вилоятининг Сазакин шаҳар ва туманларидан уч мавсумда 600 нафардан, жами 1800 нафар болани қабул қилади.
-Оромгоҳда дам олиб, соғломлаштирилаётган болажонларнинг ҳар бир куни мазмунли ва мароқли ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, -дейди оромгоҳ раҳбари Гулзода опа Ҳолматова. -Хусусан, ёшларига мос равишда катта-кичик чўмилиш ҳавзалари, спорт мажмуалари, кутубхона, маънавият ва маърифат хонаси, маданий дам олиш учун 600 ўринга ега бўлган саҳналар мавжуд. Болажонлар учун тасвирий санъат, компьютер "Playstation” ўйинлари, аттракционлар, батут, юмшоқ ўйинчок тикиш, мунчок тўқиш, доира, "3D” форматдаги фильм ва мултфильмлар намойиши, инглиз тили, шашка ва шахмат каби тўгараклар фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус ижроси юзасидан ҳам оромгоҳда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, спортга бўлган қизиқишини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида "Соғлом бола-бахтли келажак” шиори остида спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, енгил атлетика, шашка-шахмат каби турлари бўйича мусобоқалар, "Ёш китобхон”, "Наркомания аср вабоси”, "Мустақил Ўзбекистон ёшлари” мавзуларидаги тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, "Менинг бахтли ёшлигим”, "Келажакдан меҳмонлар”, "Ватан остонадан бошланади”, "Бизниг ғалабамиз сеники, муқаддас ватаним Ўзбекистон” каби кўрик-танловлар ташкил этилмоқда. Айниқса, Бухоро қўғирчок театри, «Атлас» студияси иштрокидаги консерт дастурлари болажонлар қалбига бир олам завқ улашмоқда.
Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, ватанпарвар ташкилотлари билан ҳамкорликда болаларнинг тарбиясига ижобий таъсир этадиган, уларни жисмонан ва руҳан соғлом қиладиган маърузалар, спорт ўйинлари, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.