Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан Навоий шаҳрининг 8 - сонли мусиқа мактабида "Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак” мавзусидаги Давра суҳбати ташкил этилди.
Унда вилоят касаба уюшма аппарати ходимлари, Республика кенгашларининг масъул ташкилотчилари, бирлашган қўмита, шаҳар, туман Кенгашлари раислари, бошланғич ташкилотлар иш берувчилари ҳамда фаоллари иштирок этди.
Давра суҳбатини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаш раиси Назира Тоғаева кириш сўзи билан очиб, "Ишонч” газетасининг 2019 йил 27 июнь, пайшанба 78-79 сонларидаги таниқли ўзбек дипломати, йигирма тўрт йил Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, шу жумладан, вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг Россиядаги ва Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган, айни пайтда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида янги ташкил этилган Ахборот-таҳлил маркази раҳбари Шоқосим Шоисломов билан "Халқ сўзи” мухбири Р. Алишеровнинг "Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак” номли мақоланинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш бериб ўтди.
Шундан сўнг, бирлашма Кенгаши раиси ўринбосари Шухрат Халилов сўзга чиқиб Давра суҳбати иштирокчиларига мақола доирасида касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ишлар, ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимояси, ҳуқуқий кафолатлар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, дам олдириш борасидаги амалий ишлар билан бирга жамоа шартномаларига асосан ходимларга берилган имтиёзлар, уларга яратилган шарт-шароитлар бўйича нутқ сўзлади.
Шунингдек, "Касаба уюшмаларига юридик ва жисмоний шахслардан келган мурожаатлар ва уларнинг ҳуқуқий ҳимояси” тўғрисида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг юридик бўлими мудири Алишер Рахматов, "Жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш ва олиб борилаётган ишлар” тўғрисида Олим Бобомуродов, "Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар” тўғрисида Чорибой Кадиров, "Касаба уюшмалари тизимида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар” тўғрисида Зайниддин Мислимовларнинг маърузалари тингланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан жорий йилнинг 22-28 июнь кунлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилоятида бўлиб ўтган касаба уюшмалари ёшларининг "ТЕМП - 2019” Тошкент халқаро форуми жараёнлари, ўтказилган учрашувлар, давра суҳбатлари, ҳамда ҳорижий меҳмонларимиз таассуротлари, форум иштирокчиларига тақдим этилган "ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми тавсиялари хусусида ҳам сўз юритилди.
Давра суҳбати баҳс-мунозарага бой тарзда кечди.
Хуршид ХАЛИЛОВ,
Навоий вилоят касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг
ташкилий ишлар бўлими мудири,
Дилафрўз ЎРАЗОВА,
Навоий вилоят касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши
раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси