Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши "2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури” асосида, айниқса, ёшларнинг тафаккурини ривожлантириш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида билимлар кони бўлган китобнинг ўрни беқиёс эканлиги, шунингдек, китоб тарғиботи орқали маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, "Касаба уюшмалари – болаларга!” шиори остида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги "Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бирлашманинг Ёшлар кенгаши ташаббуси билан "Китоб – менинг дўстим” мавзусида викторина ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар "Китоб – эзгу мақсадларга бошловчи йўл” эканлиги, китобни севувчи, ундан унумли фойдаланувчи ёшлар бугунги кунда ўз салоҳияти туфайли Президент совғаси билан тақдирланаётгани бир нечта китобхон ёшлар мисолида келтирилди.
- Оиламизда отам ва онамнинг китобга меҳри баланд, - дейди викторинанинг фаол иштирокчиларидан бири Севинч Абдуллаева. – Онамнинг китоб бор уйга фаришталар киради, дея тез-тез такрорлаши китобга бўлган қизиқишим ва ҳурматимни янада оширади. Бу ерда ҳам кутубхона бор экан. Тез-тез шу ерга кириб, тарихий мавзудаги асарларни ўқийман. Яқинда "Широқ” асарини ўқиб чиқдим. Широқнинг ватанпарварлиги, мард, жасурлигига ҳавасим келди. Келажакда мен ҳам юртига содиқ, танти инсон бўлишга аҳд қилдим.
Викторина шартлари болажонларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчилар мактаб ўқув қуроллари, фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар билан тақдирланди.
Дилафрўз ЎРОЗОВА,
Навоий вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши
раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси