Маълумки, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ташаббуси билан барча мамлакатларда "Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” ҳар йили 7 октябрь куни нишонланиб келинади.
Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг фаоллар залида "Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” муносабати билан "Ўзбекистон Республикасида меҳнат соҳасининг ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда касаба касаба уюшма фаоллари, масъул ташкилотчилар, шаҳар, туман касаба уюшма кенгаш раислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Назира Тоғаева очиб берди. Шундан сўнг, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган асосий ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси тўғрисида вилоят Бандлик бош бошқармасининг ўринбосари Жахонгир Умаров, "Бандлик, иш ҳақи, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳаларида касаба уюшмаларининг вазифалари” тўғрисида вилоят касба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлим мудири, "Меҳнат мухофазаси хавфсизлиги соҳаларида касаба уюшмаларининг вазифалари” тўғрисида бирлашманинг меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мудири Чорибой Қодировларнинг маърузаси тингланди.
Таъкидландики, бугун Ўзбекистонда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати амалга оширилаётгани, муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш мақсадида давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликнинг йўлга қўйилгани, бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этиш лозим. Охирги икки йилда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар ҳар йили турли мулк шаклига эга бўлган минглаб янги ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилишига кенг имкониятлар яратмоқда. Мазкур янги ташкил этилган корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қизиқарли тарзда кечган давра суҳбати иштирокчилари ўзларин қизиқтирган саволларга мутахасислар томонидан атрофлича жавоб олишди.