МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ АҲАМИЯТГА МОЛИК МАСАЛАЛАР » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ АҲАМИЯТГА МОЛИК МАСАЛАЛАР

МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ АҲАМИЯТГА МОЛИК МАСАЛАЛАР

Барчамизга маълумки касаба уюшмалари жамиятнинг ажралмас бир қисми ҳамда кенг қамровли жамоат бирлашмаси сифатида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасида давлатнинг энг яқин ҳамкори бўлиб келмоқдалар. Жамоат ташкилотларидан фақат касаба уюшмаларигина меҳнаткашларнинг вакили сифатида иш берувчилар билан жамоа шартномалари ва келишувларини тузадилар ва ўз меҳнаткашларини ҳимоя қиладилар. "Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги бугунги Давр суҳбати анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинмоқда ва унда кўтарилган таклиф ҳамда муаммолар нафақат меҳнат муносабатларига доир муҳим масалалар бўлиб қолмасдан, ижтимоий шериклик тамойиллари асосида барча йўналишларда таклифлар киритилиб, ушбу таклифлар ечими авваламбор аҳолининг, шунингдек, Ватан равнақи ва тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшадиган меҳнаткашларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда.
Ўтган икки йилда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолини, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун етарли шароитлар яратиш, иш билан таъминланиши зарур бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган йил давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиб, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ходимни ишга қабул қилишда пропискани тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди, Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида», «Медиация тўғрисида», «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2753 сонли Қарорига биноан барча турдаги пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши, 58 та тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар нақд шаклда амалга оширилиши, олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилиши таъминланди, жойларда терминаллар ва банкоматлар сони кўпайтирилди, аксарият тармоқларда иш ҳақи ўз вақтида тўланишига эришилди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муҳим ўзгаришлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантириш, ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш, умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди, барча фуқароларнинг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириб бориш, Шунингдек, давлат тиббиёт муассасалари ва фармацевтика, мактабгача таълим муассасалари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимлари жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида тарихий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалий ишлар олиб борилди. Масалан, 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорини қабул қилинди. Натижада 2018 йилги пахта йиғим-терими ишларида болалар меҳнати мавжуд эмаслигини, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида катта ютуқларга эришилганини ҳорижий кузатувчилар ҳам тан олишди. Бугунги Давра суҳбатимизда ҳам ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда меҳнат масалаларига бевосита дахлдор бўлган давлат корхоналари ва жамоатчилик ташкилотларининг маърузалари тингланади. Ушбу маърузалардан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдирилиб, уларнинг ижроси юзасидан тегишли ташкилотларга кўрсатмалар, тавсиялар тақдим этилади.
Энг асосийси ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан бугунги давра суҳбатига иштирок этаётган касаба уюшмалари фаоллари ва жойлардаги меҳнаткашларимиздан тушган бир қатор меҳнат муносабатларига тааълуқли саволларга масъул идора ва корхона раҳбарлари ўз муносабатларини билдирадилар деган умиддаман.
Давра суҳбатида фақат меҳнат, масалаларига молик бўлган вазифалар, уларнинг ечими, 2019 йилда бу борада амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва бу камчиликларни 2020 йилда бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаб оламиз.
Шу муносабат билан бугун Давра суҳбатимизга вилоят ҳокимлигидан, вилоят Марказий банк, Бандлик Бош бошқармалари, Молия, Солиқ, Халқ таълими, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, Адлия бошқармаларидан ҳамда доимий ҳамкор ташкилотларимиз вилоят Маҳаллалар кенгаши, Ёшлар иттифоқи Кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, туман, шаҳар касаба уюшмалари Кенгаш раислари, касаба уюшма фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмокдалар.
Маъруза якунида сўнг савол-жавоблар ва маърузалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтди.

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя
қилиш бўлими етакчи мутахассиси О.Бобомуродов

BOSHQA YANGILIKLAR