Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Президент топшириғи билан Навоий вилоятида жамият эътиборидан узилиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, бошпанасиз, соғлигини йўқотган, ногирон фарзандларни тарбиялаётган, ўта камбағал ҳамда ночор яшаётган аёллардан кўнгил сўраш мақсадида улар яшаётган маҳаллаларда, ҳамда баъзи бир хонадонларда бўлдилар. Бундай савобли тадбир давомида аниқланишича, Биргина Навбаҳор туманида шу кеча-кундузда 414 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, 198 нафар бошпанасиз, 710 нафар зўрлик ва зулмдан жабр кўрган, 942 нафар оиласидан ажрашган аёл маҳаллий ҳокимиятнинг бутунлай эътиборидан четда қолган. Энг ачинарлиси, вилоят миқёсида жами 1 минг 205 нафар аёл ўта оғир турмуш шароитида яшамоқдалар.
8 март халқаро хотин қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Навбаҳор туманидаги 24 нафар аёлга турмуш шароитига қараб 2 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача моддий ёрдам кўрсатилди. 50 нафар камбағал аёлларнинг фарзандларига кийим-кечак ва мактаб формалари олиб берилди. Тиббий хизматдан фойдалани олмаётган ва соғлигини йўқотган 10 нафар аёл санаторийларда дам олиш учун бепул йўлланмаларга эга бўлди. Уйлари жиддий таъмирга муҳтож ўнлаб аёллар ҳам беминнат қўллаб-қувватланди. Энг муҳими, кам таъминланган аёллар учун янги иш ўринлари яратиш мақсадида 2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Шу куни Президентимизнинг бундай юксак эътибор ва эъзозини кутмаган, кўмакка муҳтож ва яшашдан умиди сўнган аёллар ногирон фарзандларини бағрига босиб, юзларини яшириб-яширолмай ҳўнграб йиғладилар. Яноқларини юваётган кўз ёшлари бармоқларига, билакларига томиб юрт раҳбарини, Республика ишчи гуруҳи аъзоларини дуо қилдилар.
Навбаҳор туманидаги катта қишлоқлардан бирида 3 нафар фарзанди билан гиламсиз, тўшаксиз, хароба уйда яшаётган Зарифа Чинмрзаева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган совғаларни қабул қилиб олар экан. Аёллиги, оналиги, шу юртнинг муштипар фуқороси эканлиги эсига тушди. Қалбидан отилиб чиққан дарди-дармиён сўзларини тўхтатиб қололмади ва йиғи аралаш айтиб юборди: "Ҳаммангизга раҳмат, Президентимга раҳмат. Мен аёл сифатида, она сифатида байрам нима эканлигини аллақачон унутиб юборган эдим. Борларингизга шукур. Бор экан-ку яхшилар ҳам...”
Навбаҳорлик уй-жойга муҳтож Бахмал Тўлаеванинг иродасига ҳам, ор-номусига ҳам ҳамма тан берса керак. У таъмирга муҳтож икки хонали хонадонда уч оилани қийинчилик билан бўлса-да яшашга ундаб келмоқда. Бошқа чораси ҳам йўқ аслида. Яшаш шароити жуда ночорлигидан маҳаллий раҳбарлардан ёрдам сўраган пайтлар ҳам бўлди. Ҳеч ким қўлламагач қўлини ювиб қўлтиғига урди. Яна бораверишга орияти йўл қўймади. Республика ишчи гуруҳи бормаганда билмадик у яна қанча йилларни муҳтожликда ўтказар эди.
Нормурод Мусомов,"Ишонч” мухбири