XXI асрнинг 20 йилини инсоният улкан фан ютуқлари, янги ихтиролар ҳамда кашфиётлар, иқтисодий ва турмуш фаровонлиги билан бир қаторда ҳали тиббиёт фанида тўла шифосини топмаган коронавирус инфекцияси билан кутиб олди.
Ушбу вирус на макон, на шахс танламай, хоҳ иқтисодий тараққий қилган мамлакат бўлсин, хоҳ ривожланаётган ёки иқтисодиёти ночорроқ давлат бўлишига қарамасдан, ҳаммага бирдек таҳдид қилди. Бунга глобаллашув жараёнларнинг иккинчи томони деб ҳам қараш мумкин.
Халқимиз ўтмишда ҳам кўп бора бу каби оғир ҳолатларга тушиб қолганига тарихий фактлар гувоҳлик беради. Ўша даврларда ҳам аждодларимизнинг ўзаро бирдамлиги, тартибларга риоя қилиши, бағрикенглиги ҳамда бир-бирини тушуниши орқали қийин вазиятлардан чиқиб, яъна келажакка умид ва ишонч билан олдинга қараб ривожланишга интилиб яшаган.
Бугунги ҳолатни кўрадиган бўлсак, тегишли идоралар, тиббиёт ҳодимлари ўзларининг вазифаларига виждонан ёндашиб, ҳар бир фуқаромизнинг соғлиги ҳақида алоҳида эътибор бериб, ҳаракат қилаётгани, одамларнинг моддий ва маънавий таъминоти, озиқ-овқат, дори дармон ва умуман яшаш учун зарур эҳтиёжларини қондиришга оид етарли даражадаги чора-тадбирлар олиб борилаётганига барчамиз бирдек гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бундан ташқари, ҳозирги вақтда Навоий вилоятида коронавирус инфекциясини олдини олиш, ушбу оғир дамларда кам таъминланган, ногиронлиги бор, эҳтиёжманда оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
Жумладан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респбулика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Ф.Рахимова ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги бошланғич ташкилотлар касаба уюшмаси қўмитаси раислари томонидан ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Барча туман ва шаҳарларда эҳтиёжманд оилаларга жойларда ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари масъуллари билан биргаликда озиқ овқат жамланмаси улашилмоқда. Ихтиёрийлик асосида "Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик" жамоат фондига ходимларнинг ташаббуслари билан бир кунлик ойлик иш ҳақи ўтказиб берилмоқда. Бу каби ташаббуслар том маънода халқимизни оғирини енгил қилади ва хайрли ишларимиз давом этади.
Юртбошимиз томонидан айтилаётган барча вазифаларни сўссиз бажариб, биргаликда бир ёқадан бош чиқарсак, тез орада бу балони албатта енгамиз.
Феруза Рахимова