Мамлакат бўйлаб 2 сентябрь кечида тарқалган нохуш хабар қалбларимизни ларзага солди. Чин маънода Юртбошига, миллат Отасига айланган мамлакатимиз раҳбари И.А.Каримовнинг вафотидан милионлаб кишилар каби кўп сонли касаба уюшма аъзолари ҳам чуқур қайғуга ботишди.
1991 йилдаёқ миллат юкини елкасига олган забардаст раҳбар, доно йўлбошчи ҳур истиқлолнинг 25 йиллик туйи кунларида бу ёруғ оламдан кетди.
3 сентябрь эрта тонгидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси биноси фойесига қуйилган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов портрети пойига гуллар қўйилиб, юксак эҳтиром ва чуқур тазия изҳор этилди. Ундан сўнг бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари Навоий шахрида ташкил этилган видолашув майдонига ташриф буюриб кўп минг сонли касаба уюшма аъзолари номидан гулчамбар қўйишди ва мотам дафтарига ёзув битилди. Бирлашма фаоллар залида 4 сентябрь куни ўтказилган маънавият соати ҳам И.А.Каримов хотирасига бағишланди. Унда сўзга чиққан ҳамкасблар Мамлакатимизни бугунги кундаги мавқеи, барча жабҳаларда эришган ютуқлари ва юртбошимизнинг 25 йил давомида олиб борган юксак фаолияти тўғрисида сўз юритдилар. Ўзбекистонимизни мустақиллигини эълон қилган, юртни обод ва бахтиёрликка олиб чиққан Ислом Каримов хотираси қалбимизда мангу сақланади!