Мамлакатимизда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан боғлиқ устувор вазифаларни амалга оширишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда касаба уюшмалари ҳам фаол иш олиб бормоқда.
Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорларнинг касб байрами сифатида кенг нишонланаётгани саломатлик посбонларига бўлган эътиборнинг яққол исботидир.
Шу муносабат билан Қизилтепа туман ДСЭНМ врачи Ҳакимова Зебо Рўзиевна, Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси врачи Нурмаматов Ахтам Нурмаматович ҳамда Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Сайдуллаева Раъно Зокировналарга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши "Умид гулшани" санаторийсида ўз саломатликларини тиклашлари учун ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан бепул йўлланмалар берилди.
Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик – энг буюк неъматдир. Одамларга бу азиз неъматни бахшида этувчилар – энг саодатманд инсонлардир. Шунинг учун ҳам элга шифо бағишлашни олий мақсад деб билиб, шу йўлда бор куч-салоҳиятини аямай меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг шарафли меҳнатини эъзозлаш, уларнинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтириш доимий эътиборда.
Тиббиёт ходимларининг касб байрами муносиб нишонланаётган ушбу дамларда барча саломатлик посбонларига чексиз эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этар эканмиз, уларга оилавий бахт, тансиҳатлик, шарафли ва масъулиятли ишларига омад ва зафарлар ҳамиша ёр бўлишини тилаймиз.
Ижтимоий суғурта бўлими