Халқаро Меҳнат Ташкилоти фаолияти уч томонлама ҳамкорликка асосланган бўлиб, бунда иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг бирлашмалари («ижтимоий шериклар») Ҳукуматларнинг меҳнат соҳасидаги сиёсий йўналишини белгилаш, иқтисодий дастурларини шакллантиришда улар билан тенг овозга эга ҳисобланади.
Мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини кучайтириш, демократлаштириш бўйича қўйилган мақсадларни амалга ошириш фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳамда юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Яратиб берилаётган бундай имкониятлар натижасида бугунги кунга келиб республикадаги энг катта, шу билан бирга, фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида фаол иштирок этиб келаётган жамоат ташкилотларидан бири бу – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидир.
Касаба уюшмаларининг асосий вазифаси мамлакатимиз Конституциясининг 59-моддасида қуйидагича белгилаб қўйилган: "Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар”.
«Касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи принципларининг қўлланиши тўғрисида»ги 98-сонли Конвенцияга биноан меҳнаткашлар учун меҳнат соҳасида бирлашиш эркинлиги ва жамоа музокараларини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.
Бугунги кунда республикамизда ходимларнинг жинси, миллати, ирқи, ёши, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа белгиларига қараб меҳнат соҳасида, шу жумладан, иш ҳақи соҳасида камситишлар умуман мавжуд эмас.
«Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги 103-сонли Конвенцияга биноан оналик таътили муддати камида 12ҳафтани (84кун) ташкил этиши, таътилда бўлган аёл пул нафақаси ва тиббий ёрдам олиши, эмизиқли фарзанди бор ишлаётган аёлга болани овқатлантириш учун танаффуслар берилиши белгилаб қўйилган.
Бизда оналикни муҳофаза қилиш борасида ушбу Конвенция талабларига нисбатан имтиёзлироқ шарт-шароитлар яратилган бўлиб, оналик таътили муддати 126календарь кун миқдорида ўрнатилган. Қатор жамоа шартномалари орқали бу муддатни узайтириш ва оналикни муҳофаза қилишнинг қўшимча чоралари ҳам қўлланилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг, "Хомиладор аёлларни ва боласи бор аёлларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар тўғрисида”ги 224-моддасида: -"Хомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳаққини камайтириш таъқиқланади. Хомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.” лиги белгилаб қўйилган.
Мухтарам юртбошимиз томонидан 2016 йилни "Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилганликлари, ёш оналаримиз, боласи уч ёшга тўлмай меҳнат фаолиятини бошлаган аёлларимиз учун болаларини соғлом бўлиб вояга етишида тегишли мутасадди ташкилотларни маъсуллигини янада оширишга туртки бўлди десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Касаба уюшмалари хомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланиши устидан жамоатчилик назоратини юритади.
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциясининг қоидалари меҳнатга оид муносабатлар бевосита қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.
Биз давлат ёки жамоат ташкилоти бўлишимиздан қатъи назар, эзгу мақсадимиз битта – шу муқаддас ва азиз Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилишдир. Шу эзгу мақсад йўлида барча кучларимизни бирлаштиришимиз лозим.
Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси Кенгаши Ташкилий ишлар