ҲАР БИР ФУҚАРО ЭЪТИБОРДА » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
ҲАР БИР ФУҚАРО ЭЪТИБОРДА

ҲАР БИР ФУҚАРО ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника воситалари билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш,  тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар  томонидан тасдиқланиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур дастурларга мувофиқ Навоий вилояти бўйича  20 та оилани уй-жой билан таъминлаш  1110 та оилага маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 60 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш 100 та  хонадонни жорий таъмирлаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Касаба уюшмалари томонидан барча вилоят ва туманларда уй-жой ва маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида Навоий вилоят касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Навоий  вилоятида ўтказилди. Вилоят касаба уюшмалари ва маҳалла фаоллари Кармана туманидаги "Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Умиджон Тўра ўғли ҳамда Конимех тумани, "Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Асқар Ибраев хонадонида бўлиб, унга тиббий муолажалар учун зарур дори воситалар олиб келиб  тўрт миллион сўмлик манзилли моддий ёрдам кўрсатдилар.
Мамлакатимизда жорий йилда мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва янгиланишлар рўй берди. Барчамиз Президентимиз томонидан инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг-кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз, - деди Умиджоннинг онаси Фароғат опа. – Биз каби эътиборга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман. Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган эътиборидан кўнглим тоғдек юксалди. Чунки мен учун анчадан буён мушкуллик туғдириб келаётган муаммо бир зумдаёқ ҳал бўлди. Оиламиз билан бундан беҳад бахтиёр бўлдик.
Эзгуликка йўғрилган бундай тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Халилов

BOSHQA YANGILIKLAR