ҲУДУДИЙ КЕЛИШУВНИНГ БАЖАРИЛИШИ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
ҲУДУДИЙ КЕЛИШУВНИНГ БАЖАРИЛИШИ

ҲУДУДИЙ КЕЛИШУВНИНГ БАЖАРИЛИШИ

Навоий вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган Ҳудудий келишувнинг бажарилиши бўйича уч томонлама комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ҳудудий келишувнинг 2017 йилда бажарилиши якунлари муҳокама қилиниши билан бирга 2018 йил учун унинг асосий йўналишларини бажаришга оид вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилаётган "2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосланган Ҳудудий келишувнинг барча бўлим ва тадбирларини бажариш бўйича 2017 йилда ижтимоий шериклар, яъни давлат идоралари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиётни, миллий ишлаб чиқаришни ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Натижада ҳисобот йилида вилоятда ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2017 йилда 11688млрд. сўмни ташкил этди ва 2016 йилга нисбатан 102 фоизга ўсиши таъминланган. ЯИМда хизматлар улуши 26,7%, кичик бизнес улуши 41,9%ни ташкил этган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 июндаги "2017-2018 йилларда Навоий вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 366-сонли қарори билан вилоятни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури тасдиқланди. Шундан, 2017 йилда умумий қиймати 635,0 млрд.сўмлик 1871 та янги лойиҳалар фойдаланишга топширилиб, 9 161 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Жумладан:
- саноат соҳасида 480 та лойиҳа асосида 4 665 та;
- хизмат кўрсатиш соҳасида 852 та лойиҳа асосида 2 947 та;
- қишлоқ хўжалигида 539 та лойиҳалар ҳисобига 1 549 та.
Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яратилган шароитлар натижасида 2017 йилда деҳкон ва фермер ҳўжаликлари билан биргаликда 13 мингта янги кичик корхона ва микрофирмалар очилди, бу ўтган йилга нисбатан 124 фоиз ўсишга эришилганидан далолат беради.
2017 йилда Давлатимиз раҳбари томонидан айнан вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилишини ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим бўлган қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги "Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли, 2017 йил 29 сентябрдаги "Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3301-сонли қарорлари қабул қилинганлиги вилоятимизнинг олис чўл худудларида ўз ечимини кутиб турган
ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича Комиссиянинг хулосаси асосида Томди, Конимех, Учқудуқ туманларининг олис чўл худудларида жойлашган бюджет ташкилотларида ишлаётган 96 нафар олий маълумотли мутахассисларга қарорда назарда тутилган имтиёзлар учун вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 700,0 млн.сўм молиялаштириб берилди. Шу ҳудудларга кўчиб борган 9 та оилага бепул уй-жойлар берилди. Чўл ҳудудларда истиқомат қилган 165 нафар абитуриентлар имтиёз билан Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятидаги олийгоҳларга қўшимча грант асосида ўқишга жойлаштирилди.
"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кера” тамойили асосида вилоятда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилган бўлиб, вилоятда муомалага киритилган пластик карточкалар сони жами 450580 тани, тўлов терминаллари 8704 тани, инфокиоска ва банкоматлар сони 136 тани ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги "Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, 2018 йил давомида вилоятда 19 та хорижий валютада ишловчи банкомат (жумладан
14 та узлуксиз (24 соат) ишлайдиган валюта айирбошлаш шахобчалари)ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, амалда бугунги кунда Зарафшон шаҳрида "Зарафшон грант” меҳмонхонасига битта хорижий валютада ишловчи банкомат ўрнатилиши таъминланди.
Бундан ташқари тижорат банклари ҳамда уларнинг валюта айирбошлаш шахобчаларида53 та халқаро тўлов терминаллари ўрнатилган бўлиб, яна қўшимча равишда туристлар борадиган жойларга 36 та тўлов терминаллари ўрнатилиши режалаштирилди.
Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларининг шаҳодатдан ўтказилиши натижасида "Навоийазот"АЖ, "Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизим ташкилотларида, "Навоийдонмаҳсулотлари"АЖ ҳамда "Ванғози Агро Эксперт" каби ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчи ишчи ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш шунингдек, уларга ноқулай ва зарарли меҳнат шароитларида ишлаганликлари учун берилиши керак бўлган имтиёз ва компенсациялар берилиши таъминланишига эришилди.
2017 йил мобайнида касаба уюшмалари органлари ва меҳнат инспекциялари томонидан ходимларнинг ойлик иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар қабул қилинди. Иш берувчилар томонидан меҳнат ҳақининг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоат назорати ўрнатилди, яъни, бу миқдорнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг 1разряди ставкасидан кам бўлмаслиги бўйича назорат олиб борилди. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан 546 та ташкилотнинг иш фаолияти ўрганилиши натижасида, ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 102 та қонубузилиш ҳолатлари аниқланиб, 30 нафар мансабдор шахсларга нисбатан соҳа мутасаддилари томонидан маъмурий жарималар қўлланилган. Мазкур йўналиш бўйича ҳудудлар кесимида Навоий шаҳрида 39 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 106 986.3 минг сўмлик, Хатирчи туманида 4 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 22091,0 минг сўмлик, Конимех туманида 1 хўжалик юритувчи субъект томонидан 982,8 минг сўмлик ўз вақтида тўланмаган иш ҳақларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалар киритилиши орқали иш ҳақларининг тўланиши таъминланган.
Ҳисобот даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иш берувчилари, раҳбарлари, олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари битирувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини судгача бўлган даврда ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш, колл-центр тармоқлари, "Ишонч телефон”лари ҳамда ҳокимлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг виртуал қабулхоналарига мурожаат этиш орқали меҳнат қонунчилигидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил октябрдаги ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган қарорга асосан Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ташкил этилган. Шунга мувофиқ халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қарори билан "Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссия” тузилган бўлиб, ушбу Комиссияга бирлашма Кенгаши раиси Н.Тоғаева раҳбарлик қилади. Мазкур ҳудудий комиссиялар жойларда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга, шу жумладан мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликка доир кенг тушунтириш ишларини олиб боради. Бу борада жойлардаги муаммоларни ва камчиликларни ўрганади.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, шу жумладан мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик учун таъсирчан назоратни таъминлаш мақсадида депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдаланади. Агар қоидабузарликлар аниқланса, улар бўйича ахборотларни белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллаш учун бандлик ва меҳнат муносабатларининг ҳудудий органлари ва прокуратура органларига тақдим этади.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва меҳнат инспекторлари кўмагида ХМТ экспертлари иштирокида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг мансабдор шахслари, фермер хўжалиги раҳбарларининг салоҳиятини ошириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ҳудудий келишув ижроси доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш масалалари борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди.Хусусан, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақини 2016 йил билан таққослаганда, 12,3 фоизга ўсишига эришилди.
2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 33 минг 233та янги иш ўринлари яратилиб, уларнинг 4 минг 825таси саноат, 3 минг 122таси – хизмат кўрсатиш ва сервис, 1 минг 593таси – қишлоқ хўжалиги, 1 минг 596таси – ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш, давлат тассаруфидаги объектларни ижарага бериш ёки хусусийлаштириш ва 4 минг 539 таси якка тартибдаги тадбиркорлик ҳисобига тўғри келди.
Шунингдек, дастурга асосан 7 минг 86 та хотин-қизлар ва 13 минг 709 та ёшлар ва касб-ҳунар битирувчилари учун янги иш ўринлари яратилиб, улар иш билан таъминланди.
2017 йилда Жамоат ишлари фонди ташкил этилиб, улар маблағи ҳисобидан 2505 нафар вақтинча банд бўлмаган фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Ҳисобот даври давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан 4276 та корхона ва ташкилотда 13 минг 436 та янги яратилган иш жойларининг ҳаққонийлиги ўрганилди. Тадбир давомида 12 та хўжалик субъектида 30 та иш ўрни ўз вақтида ташкил этилмаганлиги аниқланди. Ушбу фактлар бўйича, касаба уюшмалари томонидан уларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, ижтимоий шериклар билан биргаликда жойлардаги ижро органларига таклифлар киритилиб, иш ўринларининг яратилиш режаси тўлиғича бажарилди.
Ҳудудий келишув доирасида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва ижтимоий шериклар томонидан меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, меҳнат муҳофазасини ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда асосий эътибор ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилди. Касаба уюшмалари, давлат ва назорат органлари ҳамкорлигида меҳнат шароитлари ва муҳофазаси ҳолатларини мунтазам ўрганиш тизими амалиётга татбиқ этилди.
Иш жараёнида саломатлигини йўқотган, касб касаллигига чалинган ёхуд боқувчисини йўқотган ходимлар ва шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар олиб борилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмалари ва
иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси тадбирлари учун 22 млрд. сўм сарфланди.
Кам таъминланган оилалар, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жамоа шартномалари ва келишувларининг ижтимоий кафолат ва ижтимоий ҳимоя қисмига биноан моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ногиронлар ва қарияларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2705-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 145 нафар меҳнат фахрийси ва қариялар учун республикамизнинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари бўйлаб туристик саёҳатлар ташкил этилди. 137 нафар ногирон ва ёлғиз кексаларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва коммунал тўловлари қопланиб, уларга 38 млн сўм маблағ сарфланди. Турли байрамлар муносабати билан "Мурувват” уйида яшовчи инсонлар учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб,маиший-техника жиҳозлари, кийим-кечак ва гигиеник воситалари олиб берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида Жамоа шартномаси ва келишувлари орқали 1 минг 915 нафар кекса авлод вакилларига 319 млн 145 минг 800 сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаситомонидан 2017 йил давомида ижтимоий суғурта маблағлари хисобидан 965 та йўлланмалар тарқатилиб, уларга 944 млн 956 минг 600 сўм маблағ ажратилди ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган санаторий ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмаларни тармоқ касаба уюшма қўмиталари томонидан 969 та йўлланмалар жами 951 млн 956 минг 600 сўмга тарқатилган бўлиб, шундан 373 дона жами суммаси 368978,2 минг сўмлик ишчи ва хизматчилари ва 596 дона 582978,4 минг сўмлик йўлланма билан ишчи ходимнинг оила аъзолари (ота, она, турмуш ўртоғи ҳамда фарзанди) соғломлаштирилди.
Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан 2017 йил давомида ишловчи кам таъминланган, кўп болали оила аъзоларидан 18 нафарини, ишловчи Чернобиль АЭСидаги фалокатни бартараф этиш иштирокчиларидан 3 нафарини, ишловчи байналминалчи жангчилардан 14 нафарини, ишловчи меҳнат фахрийларидан 4 нафарини, ишловчи ногиронлардан 13 нафарини ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлашда ҳисса қўшган бошқа ишчи ходимлардан 15 нафарини, жами 67 нафар ишчи ходимларни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017йил 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 26январидан бошлаб, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Нуроний» жамғармаси, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят вакиллиги, Маънавият тарғибот маркази, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа тегишли жамоат ташкилотларнинг вилоят ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади.
Ишчи гурухлари Навоий вилоятидаги мавжуд 303 та маҳалла 243 минг 293 та оила, 200 минг 732 та хонадонда бўлиб, 200 минг 732 тани хонадонларда уларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилди. Бу кўрсаткич жами хонадонларга нисбатан 100%ни ташкил этди. Гуруҳлар томонидан ўрганилган хонадонларда вилоят бўйича 74 минг 616 та муаммолар мавжудлиги аниқланди, шулардан 74 минг 595 таси туман (шаҳар)лар даражасида ҳал этиладиган, 15 таси вилоят даражасида ҳал этиладиган, 6 таси эса республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар сирасига киритилди.
Ушбу аниқланган муаммолар юзасидан махсус саволномалар тўлдирилиб, унга асосан вилоят ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, шундан 8 минг 681 та муаммоўрганиш давомида жойида ечимини топган бўлса, йил якунига қадар қолган 60 минг 598 таси бартараф этилиб, касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотлари ҳам муаммоларнинг тегишлилигига кўра иш берувчилар,корхона, ташкилотларнинг раҳбарияти билан ҳамкорликда иш олиб боришди ва уларга амалий ёрдам беришди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли қарори ижроси юзасидан 2017-2018 йилларда ижтимоий ночор оилалар ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур ишчи гуруҳи ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳодимлари билан биргаликда уларнинг шароити ва муаммолари ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. Вилоятда 2017 йилда 20 та оилани уй-жой билан таъминлаш, 100 та хонадоннинг уй-жойларини таъмирлаш, 60 нафар беморларни даволаш, 1100 та маиший техника жихозлари етказиб бериш, чекка ҳудудларга 330 та газ плита ва газ балон бериш учун маблағ ажратилди ва ижроси таъминланди. Ушбу қарор асосида 342 та кам таъминланган оилаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги "Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 857-сонли қарорига мувофиқ 1 млрд 227 млн 205 минг сўмлик 4 % кредитлар ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланиб, оилалар даромади яхшиланди.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг май ва апрель ойларида кам таъминланган ва муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия акциялари доирасида касаба уюшмалари томонидан 152 та суннат тўйи, 43 нафар жуфтликнинг эса никоҳ тўйлари ўтказиб берилди.
Ҳудудий келишув доирасида Касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлигида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари маданий дам олдирилиб, туристик саёҳатлар соғломлаштириш билан қамраб олинди.

Болалар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш, ёзги соғломлаштириш мавсумини сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи раҳбарлигида 2017 йилда 37 та оромгоҳ фаолият юритиб, уларда 16 минг 287 нафар бола соғломлаштирилди. "Меҳрибонлик уй”лари тарбияланувчиларидан 100 нафари "Шабода”, 15 нафари "Дўстлик”, 10 нафари "Нимкон” оромгоҳларида, шунингдек вилоятнинг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларининг 500 нафар фарзандлари Навоий кон-металургия комбинати тасарруфидаги оромгоҳларда, 75 нафари "Ишонч” оромгоҳида бепул соғломлаштирилди.
Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев 2017 йил 30 июнда бўлиб ўтган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида мамлакатимиз ёшлари билан учрашганларида ҳар бир раҳбар зиммасига бугунги ёшларга давлат сиёсати даражасида қаралишини қайта-қайта таъкидлаган эдилар.
Бугунги кунда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этишлари учун имкониятлар яратиб бериш борасидаги фаолиятларини йўналтириб ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ёшлар бирлашмаси ташкил этилди.
Хусусан, Ёшлар бирлашмаси томонидан "3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан 2017 йилнинг 3 декабрь куни "Мурувват” ва "Саховат” интернат уйлари – ёшлар эътиборида” акцияси доирасида Нурота туманидаги "Мурувват” эркаклар интернат уйида тадбир ташкил этилди.
Бундан ташқари, Ёшлар бирлашмаси томонидан Навоий давлат педагогика институтининг Чет тиллар факультетида таҳсил олиб келаётган Дилшода Султонованинг билимга чанқоқлиги, фанларни яхши ўзлаштириб келганлиги ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги учун "Касаба уюшмалари стипендияси” билан тақдирланди.
Худди шунингдек, Навоий давлат педагогика институтининг Математека факультетида таҳсил олиб, аъло баҳоларга ўқиб келаётган ижтимоий тиббий хизматга муҳтож талаба Азиза Субхонованинг соғлигини тиклаш мақсадида Чинобод саноторийсига бепул йўлланма ажратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳудудий келишув аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни ўрнатиш учун асос сифатида хизмат қилди. Хусусан, ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқали 2ёшдан 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган 756нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди, 132 та корхонада 215 нафар ёш болали аёлнинг иш соати қисқартирилиб, уларнинг меҳнат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиб берилди; 49 нафар ёш оилага уй-жой қурилиши ёки жиҳозлар ҳарид қилишлари учун фоизсиз ссудалар тақдим этилди. Шунингдек, Ҳудудий келишув доирасида меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Касаба уюшмлари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан долзарб муаммоларни туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят ташкилотлари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан муҳокама қилиш орқали бартараф этиш мақсадида 2017 йилнинг ноябрь ойида барча шаҳар ва туманларда, вилоятда "Меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида жамоатчилик эшитувлари шаклидаги давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда ўртага ташланган масалаларнинг асосий қисми мулоқотлар давомида жойида ҳал этилди. Баъзи муаммолар вазирликлар, идоралар ва нодавлат- нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган республика давра суҳбатига тақдим этиш йўли билан ўз ечимини топди.
Ҳудудий келишувнинг бажарилиши бўйича уч томонлама комиссия йиғилишида ижтимоий шериклар олдида турган галдаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, Ҳудудий келишувни амалга татбиқ этиш жараёнида энг кам иш ҳақини ўрнатиш бўйича уч томонлама муҳокамалар ўтказиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатдан ўтказиш, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

А. Бобомуродова,
Навоий вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши Меҳнаткашларнинг
ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири.

BOSHQA YANGILIKLAR