Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2018 йил 17 майдаги 10-сонли кенгайтирилган селектор мажлиси баёни ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 26 май куни Навоий вилоятида мавсум ташкилотчилари ва оромгоҳларга жалб этиладиган ходимлар учун "Қизилқумцемент” АЖ тасарруфидаги "Шабода” болалар соғломлаштириш оромгоҳида вилоят семинари ташкил этилди.
Ушбу семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари ФедерациясинингБаркашбаев Фазлиддин Пайзуллаевич, вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг аъзолари, туман, шаҳар хокимлари, уларнинг ўринбосарлари, Соғлиқни сақлаш, Ишчи ишлар, Халқ таълими, Маданият бошқармаси,Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг масъул вакиллари ва ёз мавсуми даврида оромгоҳларда фаолият юритадиган 12 нафар шахар ташқарисидаги оромгоҳ рахбарлари, 70 дан ортиқ тиббиёт ходимлар, ички ишлар идоралари ходимлари, 500 нафардан ортиқ педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, спорт йўриқчилар иштирок этди.
Вилоят семинарини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган дастурга мувофиқ семинар 2 боскичда, ялпи йиғилиш тарзида ва ҳар бир соҳа мутахассислари учун ташкил этилган секциялар бўйича ташкил этилди.
Ялпи йиғилиш давомида бирлашма Кенгаши, вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари, масъул ташкилотлар вакилларининг тегишли маърузалари эшитилди.
Маърузаларда ёз мавсумига барча турдаги болалар оромгоҳларини тайёрлаш, болаларнинг сифатли, мазмунли ва қизиқарли дам олишларини ташкил этиш, оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлик чораларини кўриш, малакали педагог кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Секция машғулотлари давомида ҳар бир соҳа вакилларига мутахассислар томонидан яна бир бор оромгоҳларда ишларни тўғри ташкил этиш, ҳар бир йўналишда алоҳида эътибор қаратишни талаб этиладиган масалалар, юритиладиган хужжатлар бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга семинарларда кўргазмалар ташкил этилиб, уларда Ишчи гуруҳлар томонидан 2018 йилги ёз мавсумида оромгоҳларга тарқатиладиган қўлланмалар, плакатлар, тарқатма материаллар, фаолият юритиши режалаштирилган тўгараклар, кутубхоналар фаолияти намойиш этилди.
Шунингдек, семинар иштирокчиларига ташкилот томонидан тушлик ва концерт дастури уюштирилди.