22 июнь куни Навоий шаҳридаги "Ширин” маданият саройида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ташаббуси билан меҳнаткашлар ўртасида "Санъатим сенга, обод юртим!” ижодий кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов вилоятдаги корхона, ташкилот, муассаса, фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган, кичик бизнес ва тадбиркорлик, касаначилик билан шуғулланаётган меҳнаткашлар ҳамда бадиий ҳаваскорликка иқтидори бўлган ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилди.
Зеро, мазкур танловнинг бош мақсади меҳнаткашларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, улар ўртасида бадиий ҳаваскорлик ижодиётини, миллий қадриятларимизга бўлган муносабатларни ривожлантириш, юрт ободлиги ва фаровонлигини, истиқлолимизга шукроналик туйғуларини мадҳ этиш, меҳнат жамоаларидаги санъатга иштиёқманд бўлган, иқтидорли ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этишдир. Ҳаваскорлар "Анъанавий ижрочилик”, "Эстрада қўшиқчилиги”, "Чолғу ижрочилиги” ва "Рақс ижрочилиги” каби тўрт йўналишда белашишди. Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра Хатирчилик таълим соҳасида фаолият юритаётган М. Мўъминова, "Навоийазот” АЖ ходими С. Собиров ҳамда "Қизилқумцемент” АЖ ходими Р. Ашуровлар 1 ўринга лойиқ деб топилдилар. Томди туманинг тиббиёт ходими Р. Алмахонов, "Қизилқумцемент” АЖ ходими Д. Қосимова ва Навоий шаҳридаги 8-сонли мактаб ўқитувчиси Б. Бобожоновалар 2 ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Г. Асадова, Д. Ходжамова ҳамда Н. Ахмедовлар 3 ўринга сазовор бўлишди.
- Санъат- сеҳрли олам, - дейди "Навоийазот” АЖ ходими 1 ўрин соҳиби С. Собиров. –Бу сирли дунё кимнидир дилбар куй-наволар, яна кимнидир ажиб созлар оҳанги билан ўзига мафтун этади. Юракдан ижро этилган қўшиқларнинг инсонни гўзалликка бошлаши, қалб изтиробларига малҳам бўлиши бежиз эмас. Умуман олганда, санъатнинг қай тури бўлмасин, у эзгуликка хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мен танловда иштирок этганимдан ниҳоятда хурсандман. Балки келажакда зўр санъаткор бўлиб кетишим ҳам мумкин. Чунки, ҳакамлар ҳайъати менинг ижодимни зўр баҳолашди.
Тадбир сўнггида ғолиблар вилоят касаба уюшмалари ташкилотларининг диплом вақимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.