МУНОСИБ МЕҲНАТ ШАРОИТИНИ ЯРАТИШ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
МУНОСИБ МЕҲНАТ ШАРОИТИНИ ЯРАТИШ

МУНОСИБ МЕҲНАТ ШАРОИТИНИ ЯРАТИШ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2-ярим йиллигига мўлжалланган иш-режаси Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ўртасида тузилган қўшма чора-тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси Навоий вилоят бошқармаси, вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамда Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда "Қизилқумцемент” акционерлик жамиятида "ХАВФСИЗЛИК, САЛОМАТЛИК ВА КЕЛАЖАКДАГИ МЕҲНАТ” мавзусида семинар ташкил этилди.
Бўлиб ўтган семинарда меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, иш жойида ходимлар саломатлигига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарни Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раис ўринбосари Баходир Фозилович Султонов кириш сўзи билан очиб, илк сўзни– вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Назира Маманазаровна Тоғаевага берди.
Семинар давомида – "Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуни (янги таҳрири) ва қонун ости ҳужжатларни амалга тадбиқ этилиши бўйича олиб борилаётган ишлар” тўғрисида ва "Тармоқда содир бўлаётган бахтсиз ходисаларни олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирларни бажарилиши бўйича касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назорати” тўғрисида - касаба уюшмаси Республика Кенгаши мехнатни мухофаза қилиш бўйича бош мутахассиси – Ҳошимова Дилдора Темуровна, "Ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида ишларни бехатар олиб бориш услубиёти” тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Навоий ҳудудий бошқармаси бошлиғи – Олим Тўхтамишев, "Корхона ва ташкилотларда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг асосий сабаблари” тўғрисида - вилоят бандлик Бош бошқармаси Давлат техник инспектори Кенджаев Олим Омонович, "Меҳнат шароитлари – унинг умумий касб касалликлари, меҳнат жароҳатларини келиб чиқишдаги аҳамияти ва нохуш ҳолатларини олдини олиш йўллари” тўғрисида - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси профпотологи Адизова Дилдора Йўлдошевналар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Маълумки, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан юртимизда ҳам иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинади. Яна шуниси эътиборга моликки, "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, амалга киритилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сохани тартибга солувчи корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини ташкил этиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, давлат экспертизаси ўтказиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳам аҳамиятга молик ҳисобланади.
Корхоналарнинг иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, амалга тадбиқ этилиб келинмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида касаба уюшмаларининг амалга ошираётган ишлари алоҳида қайд этиш мумкин.
Семинардан кўзланган асосий мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимлар соғлигининг турли кўринишларини мутахассисларга ва ишчи-ходимлар саломатлигига хавф солувчи унсурларининг олдини олиш ва иш жараёнида соғлом муҳитни яратишдан иборатдир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ходимнинг меҳнат жараёнидаги саломатлиги – унинг иш унумдорлигига, жамиятнинг юксалишига таъсир этади ва ҳар бир ҳодим меҳнат фаолиятида юз берадиган объектив ва субъектив омилларни енга олган тақдирдагина ижобий натижага эришиб юксалади.

Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси
Махбуба Камбарова

BOSHQA YANGILIKLAR