ЯНГИ ҚОНУН ЯНГИЧА ИШЛАШГА УНДАЙДИ » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
ЯНГИ ҚОНУН ЯНГИЧА ИШЛАШГА УНДАЙДИ

ЯНГИ ҚОНУН ЯНГИЧА ИШЛАШГА УНДАЙДИ

Маълумки яқинда Қонунчилик палатаси йиғилишида қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуни Президентимиз томонидан имзоланди.
Аввало айтишимиз керакки мазкур қонунни янгидан қабул қилиниши давр талаби. Олдинги "Касаба уюшмалари уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кафолати тўғрисида”ги 1992 йилда қабул қилинган қонун вақт ўтиши билан эскириб замондан орқага қолган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда шиддат билан ўзгаришлар бўлмоқда. Мулкчиликнинг шакллари ўзгарган, тадбиркорларимизга барча эшиклар очилиб уларга давлат томонидан кенг кўламли имкониятлар берилди. Нодавлат корхоналар, чет-эл инвесторлари билан ташкил этилаётган корхоналар сони ортмоқда. Демак-ки, мамлакатимизда меҳнат муносабатлари сохасида ҳам олдинги қонун-қоидалар эскириб ҳаётимиздан орқада қолганлиги сезилаётган эди. Янги қонун аввалгисидан нималар билан фарқ қилади.
Биринчидан олдинги қонуннинг узун номи ихчамлаштирилиб, аниқ лўнда қилиб "Касаба уюшмалари тўғрисида "деб ўзгартирилди. Ундаги боб ва моддалар кетма-кетлик асосида тартибга солинди. Бу қонунни ўқиш ва тадбиқ қилишни енгиллаштиради.
Иккинчидан касба уюшма ташкилотларининг фаолияти ва ваколатлари олдингисидан конкретлаштирилиб, ҳуқуқлари аниқ равшан белгиланган.
Бизни қувонтирган масалалардан бири касаба уюшмаларининг барча даражадаги ташкилотлари ходимларнинг вакиллик органи сифатида мехнат муносабатларида иш берувчилар билан тенг ҳуқуқли музокоралар ўтказиши, иш берувчилардан меҳнатга тааллуқли масалалар бўйича ҳар қандай ҳужжатларни олиши ва тегишлича тақдимномалар киритиш ҳуқуқидаги ўзгаришлардир. Биз энди ўз Устав фаолиятимиз доирасида таълуқли ахборотларни давлат органлари ва мансабдор шахслардан ҳам олишга ҳақлимиз.
Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати йўналишида ҳам ваколатлари кенгайди. Энди биз касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий иқтисодий ҳуқуқий масаладаги ҳуқуқларини корхона ташкилотларда тўсиқсиз кириб ўрганишимиз, мониторинг ўтказишимиз ва аниқланган камчиликлар бўйича иш берувчилар ёки уларнинг бирлашмаларига ўз талабларимизни қўйишимиз мумкин. Касаба уюшмалари, Ҳукумат ва Савдо саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувда, Ҳудудий ва тармоқ келишувлврида ҳамда Жамоа шартномаларида мехнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари, жумладан иш ҳақларини мутаносиб равишда ошириб бориш шартлари, олинган мажбуриятларни бажарилишини икки томонлама комиссиялар назорат ва мониторинг қилиб бориши каби масалаларда имкониятларимизни оширади. Иш берувчилар эса мажбурий тартибда ушбу талабномаларни кўриб чиқиши шарт.
Бундан ташқари ишчи хизматчиларнинг манфаатлари га таълуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаларининг тузилмаларида инспекциялар тузишимиз мумкинлиги ҳам кўрсатилган. Ўйлайманки мазкур инспекциялар ҳам давлат органлари қатори энди касаба уюшма аъзолари манфаатларини ҳимоя этишда ташаббус ва фаолликни қўлларига оладилар.
Умуман айтган янгидан қабул қилинган "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги қонун бизга янада шижоат ва куч бағишлаб нафақат касаба уюшма аъзолари, балки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан олиб борадиган фаолиятимизни янги босқичга кўтаришда муносиб дастурамал бўлади.
Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Ш.ХАЛИЛОВ

BOSHQA YANGILIKLAR