Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни олиб бориш борасидаги белгилаб берган вазифалари натижасида аҳолининг турмуш тарзи, ҳаёт ва меҳнат фаолияти сезиларли яхшиланди. Сўнги тўрт йилдаги ислоҳотлар натижасида иқтисодиётнинг барча тармоқларида кескин ижобий ўсиш кузатилмоқда.
Президентимиз томонидан халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш масалалари энг биринчи ўринга қўйилди. Бундан асосий ғоя-мақсадимиз, "Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” ғоясини амалга оширишдан иборатдир. Ушбу мақсадларни амалга ошириш, аввало нодавлат-нотижорат ташкилотларининг давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди.
2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойи ҳам ўз навбатида касаба уюшмалари тизимида кейинги беш йилда олиб бориладиган асосий фаолият йўналишларини белгилаб берган эди. Юқорида белгиланган дастурлар асосида ўтган 5 йил давомида касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилди.
Жорий йилнинг 17 август кунида Бирлашма Кенгашининг фаоллар залида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари VIII конференцияси бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг 2015 йил августидан 2020 йил августигача бўлган давридаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ва ҳудуддаги касаба уюшмалари ташкилотларининг келгусидаги вазифалари, Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тафтиш комиссиясининг 2015-2020 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонундан келиб чиқиб касаба уюшмалари Федерацияси Уставига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар бўйича бирлашма таклифлари тўғрисида, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг таркиби тўғрисида, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг раисини сайлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига вакиллар сайлаш тўғрисидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланди, делегатлар томонидан музокоралар олиб борилди.
Конференциясида бир овоздан делегатлар томонидан Тоғаева Назира Маманазаровна Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркиби вакили ва Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг раиси этиб сайланди. Шундан кейин Кенгашнинг биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Ш.Халилов ва 9 нафардан иборат Раёсат аъзолари сайлаб олинди. Онлайн тарзда ўтказилган мазкур вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII конференцияси якунида кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, барча даражадаги сайланган касаба уюшма фаоллари ҳамда бугун бирлашма конференциясида сайланган бирлашма Кенгаши ва раёсати аъзоларининг, касаба уюшмаларининг навбатдаги 5 йилда амалга ошириладиган асосий йўналишлар хусусида ҳам бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.