....аммо гўштга пули етмасдан иккаласи ҳам мулзам бўлишди
Ҳақиқатдан ҳам бугун қайси бозорга кирманг гўштнинг баҳосини кўриб, юрагингиз тавонингизга тўшиб кетади. Кундузи мол гўштининг арзони 45, қиммати 65 минг сўмгача сотилмоқда. Кези келганда, деҳқоннинг моли арзон деймиз. Бироқ, гўшт ҳам чорвадор-деҳқоннинг маҳсулоти-ку! Нега унинг нархи картошканикидан ўн беш, пиёзникидан йигирма беш, сабзиникидан сал кам ўттиз баробар қиммат? Ўртача ҳисоблайдиган бўлсак, бир оилада бир ойда тахминан ўн беш килограмм картошка, ўн килограммга яқин пиёз, олти-етти килограмм сабзи истеъмол қилинади. Гўштга келганда, унинг икки-уч килосини амал-тақал қилиб кейинги ойлик моашигача етказишни ўйлаймиз. Аслида бир қозон ошга тушадиган маҳсулотларнинг ҳаммасини деҳқон етиштиргандан сўнг, уларнинг баҳоси ҳам бир-биридан унча катта фарқ қилмаслиги лозим эмасмикан? Ҳамма гап шунда-да. Афсуски, деҳқон бозорларидаги бугунги вазият, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг баҳоси биз кутган ёки давлат томонидан режалаштирилаётган меъёрларга сира тўғри келмайди.
Ушбу жиддий муаммонинг моҳиятини ўрганиш мақсадида Навоий вилоятидаги тўрт-бешта деҳқон бозорларига кириб ишонч ҳосил қилдикки, маҳсулотларнинг нархини белгилаш, меъёрни сақлаш, қиш фаслига жамғариш борасида ҳозир ҳам бир қанча сунъий мажбуриятлар тугатилмаган кўринади. Ўрганиш, таҳлил қилиш жараёнида сотувчи ва харидорларга иккита савол билан мурожаат қилдик:
1. Нима учун гўштнинг нархи бошқа маҳсулотларникидан анча қиммат?
2. Бозорларда ташкил қилинган сунъий "ярмарка”лардан халққа фойда борми?
Табиийки, сотувчилар ҳам, олувчилар ҳам бу борада жўяли фикр билдиришолмади. Тортинади, уялади, чўчийди. Ҳокимиятлар вакиллари, бозорлар маъмурлари эса "Мана, сенга!” дегандек, расмиятчилик юзасидан юқори ташкилотларга тақдим этиш учун тайёрланган қоғозларни уйиб ташлади. Навоий шаҳридаги "Саҳоват” масъулияти чекланган жамияти маъмурияти томонидан бизга берилган маълумотномада фақат картошка, пиёз, сабзи, гуручни қишга ғамлаш ҳақида рақамлар бор. Гўшт ва унинг бозорга келиш ҳамда сотилиш нархи тўғрисида ҳеч нарса ёзилмаган. Худди шаҳарнинг катта бозорида гўшт сотилмайдигандек. Шунинг ўзи ҳам деҳқон бозорлари ва улар негизида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари "ярмарка”лари фаолияти замон талаби даражасида эмаслигини билдиради аслида. Арзонлаштирилган савдо расталари бозорнинг юздан бир қисмига ҳам тўғри келмайди. Ҳар ўнта сотувчидан тўққизтаси олиб сотар.
Навбаҳорлик Жаҳонгир Жўрақулов Навоий шаҳар "Саҳоват” МЧЖ ҳудудида ташкил қилинган "ярмарка”да сабзи, шолғом, турп, қовоқ, карам, картошка каби ўн хилдан ортиқ маҳсулот сотади. Шундан уч хилини шахсий томорқасида етиштирса, қолганларини Кармана деҳқон бозоридан улгуржи нархда олиб, "ярмарка”да тирикчилик қилади. Кармана деҳқон бозори билан "Саҳоват” МЧЖнинг орасидаги масофа узоғи билан 5-6 километр чиқади. Бироқ, шугина йўл эвазига маҳсулотларнинг нархлари устига 300-400 сўм қўшилади. Қассоб Анвар Акимов гўштнинг бир килограммини бозор ҳудудига келтиргунча 45-48 минг сўм сарфлайди. "Ярмарка”да эса, унинг баҳоси 50 000 минг сўмдан ортса ортадики, бундан кам эмас. Сотувчи Фароғат Мирзаева ҳам бошқалар каби помидор, пиёз, картошка ва бошқа маҳсулотларни Карманадан олиб, устига 600 сўмгача устама қўйиб, "Саҳоват” МЧЖ "ярмарка” сига жойлашади. Якка тартибдаги тадбиркор Ферўз Остонов Ғиждувондан келтирилган ёғнинг устига минг сўм қўшиб "ярмарка”нинг энг қулай жойда савдолашади. Бундан шундай фикрга келиш мумкинки, деҳқон бозорларида "Кўрдингми, биз нарх-наво устида жиддий ишлаяпмиз!” деган маънода ташкил қилинган аксарият расталарни ҳам бугун олиб-сотарлар эгаллаган. Нарх эса, худди бошқа бозорлардагидек баланд. Яъни мол гўштининг энг яхшиси кундузи 55-60 минг сўм, бундайроғи 48-50 минг сўм атрофида. Кечаси эса янада ўрлаб кетади. "Ярмарка”дан бошқа жойлардан, турли савдо мажмуаларидан 65-70 минг сўмгача олишга мажбурсиз. Картошка бозорда 3500-400 минг сўм. Пиёз 1500-2000 минг сўм, ўсимлик ёғининг бир литри 15 минг сўм, товуқ гўштининг бир килограммии бозорда 15 минг 500 сўм, савдо дўконларида 22 минг сўмгача сотилаётганлигини кўришингиз мумкин.
Навоий вилоятининг Конимех туманида асосан чорвачиликка жиддий эътибор қилинади. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз туманда чорва ва гўшт маҳсулотлари нисбитан арзонроқдир-ов деган, фикрда эдик. Бироқ, янглишибмиз. Қўй ва мол гўштлари дўконларда, бозорларда, қишоқ жойларида яшайдиган ва камтаргина дўкон очиб олган қассоблар қўлида 48 минг сўмдан 55 минг сўмгача сотилмоқда. Туманда чорва моллари кўплигига қарамасдан гўштнинг баҳоси Хатирчи, Кармана, Навбаҳор туманларидагидан кам эмас.
Конимехлик кекса чорвадор Тойир Жамолов бизга гўшт етиштириш, сотиш, бозорлардаги сунъйлаштирилаётган нархлар масаласида билганларини оширмай-яширмай айтиб берди. У кишининг таъкидлашича, чорвачиликда ечмсиз муаммолар ҳали жуда кўп. Жумладан, чорва моллари учун озуқа заҳираларини яратиш бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Тирик вазни 200 килограмм бўлган боқувдаги бир бош қорамолни яна 300 килограмм семиртириш учун уни камида 200 кун давомида энг фойдали озуқа маҳсулотлари билан боқиш зарур. Бунинг учун кунига тахминан 31-32 минг сўм сарфланади. Демак, 200 кунлик харажат бир бош мол учун 6 миллион 400 000 минг сўмдан ошади. Қорамолни семиртириш учун керак бўладиган барча озуқа маҳсулотларини чорвадорлар товар хом-ашё биржасидан жуда қиммат нархларда сотиб олишга мажбур. Негаки, сифатли озуқалар бошқа бирор жойда сотилмайди. Энг ачинарлиси - чорвачиликда лозим бўладиган асл маҳсулот ва товарларнинг баҳосини чорвадорлар эмас, биржа-савдонинг соҳани умуман тушунмайдиган вакиллари белгилайди. Шунингдек, мамлакатимизда биржа-савдоси идораларининг бирорта рақобатчиси йўқ. Уларнинг ўзи хон, ўзлари бек.
-Айни паллада, фермер хўжалигимизда 210 бош қорамол, 1500 дан ортиқ қўй-эчкимиз бор, -дейди, Тойир Жамолов кўзларини чирт юмиб. – Сира осон бўлаётгани йўқ. Бир бош қорамолни меъёрда боқиш учун ўртача 45 сотих экин майдони, бир дона эчки ёки қўйга 2,5 гектар яйлов тўғри келади. Аксинча, ҳозир ҳисобимизда 23 гектар экин майдони ва 1 минг 750 гектар яйлов бор. Бу миқдор жуда кам. Аслида қорамолларимиз учун озуқа экадиган еримиз 91 гектардан ортиқ, яйловимиз эса, 4 минг 250 гектар бўлсагина ғам-ташвишсиз ишлашимиз мумкин. Чорванинг озуқа майдони ҳамда биржа савдоси билан боғлиқ бу каби муаммолар биргина Конимехда эмас, бошқа вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган чорвадорлорни ҳам қийнаб келмоқда. Бозорда гўшт нархини туширишнинг ягона йўли манашу муаммоларни бартараф этишга боғлиқ. Ким зарарига ишлайди? Ҳеч ким!
Бир бош қора молни 500 килограмм вазнга етказиш учун 6 миллион 400 000 минг сўм харажат зарурлигини айтдим. Қорамолнинг тирик вазни 500 килограммга етса, унинг тенг ярими суяк, тери, калла ва туёққа, жигар, ичак-чавоққа чиқиб кетади ва 250-260 килограмм гўшти қолади. Бунинг натижасида харажатларингиз миқдори 12 миллион 800 минг сўмгача ортади. Демак, 260 килограмм гўштни бозорда 50 000 минг сўмдан сотсангиз. 13 миллион сўмга эга бўласиз. Шундан соф фойдангиз 200 000 минг сўмни ташкил қилади холос. Бир бош мол учун 200 кун, иссиқ-совуқда тинимсиз хизмат қилиб-а!!!
Мана, бизда гўшт нима учун қиммат? Буни ҳар бир туманнниг "катталари” билади. Аммо нима учун тизимга жиддий эътибор қилишмайди, ҳайронман? Аминманки, бугун кўпгина ҳокимиятларда фақат маълумот, ҳисобот, амал-тақал режалар учун иш бажарилади. Товар хом-ашё биржасида ўтирганлар ҳам чорвачилик борасида бироз ўйлаб кўришлари, ҳамма нарсани ҳисобга олишлари шарт. Шундагина бозорлардаги "Хўжакўрсин ярмарка” ларга хожат қолмайди. Шусиз ҳам мен 2019 йилда 17 тонна мол гўштининг ҳар бир килограммини 45-48 минг сўмдан мактабгача таълим муассасаларига етказиб бердим. Виждони борлар инсофни унутмайди. Пулнинг ҳам ортидан қувмайди. Менинг фойдам шуки – чорвамнинг саноғи кўп.
Чорвадор сифатида яхши биламан, 2020 йилнинг 29 январида Президент Шавкат Мирзиёев "Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорни имзолади. Мазкур қарорга кўра мамлакатимиз заҳирасидаги суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш эвазига чорвачилик йўналишидаги хўжаликларга озуқабоп экинлар экиш учун қўшимча ер майдонлари берилиши лозим. Аммо бу қарор юзасидан менинг фермер хўжалигим учун бир қарич ҳам ер берилмади. Ҳаммаси эскилигича давом этмоқда. Менга қорамолларимни бемалол боқишим учун яна 68 гектар экин майдони, қўй-эчкиларимга қўшимча 2500 гектар яйлов зарур. Президентимиз чорвадорларнинг мана шундай танг вазиятга тушиб қолганлигини билганки, юқоридага қарорни имзолаган?! Маҳаллий ҳокимият вакиллари қарор ижросини тезлик билан таъминлашлари зарур. Ҳа деб, орқага суравермасдан.
Тойир Жамоловнинг фикрларидан англаш мумкинки, чорвачилик соҳасини ривожлантириш, бозорларда гўштнинг нархини муътадиллаштириш учун яйлов ва экин майдонларини кўпайтириш, биржа савдосини меъёрлаштириш, инсоф билан ишлаш лозим. Акс ҳолда, бу борада бирор бир дуруст натижага эришишнинг ўзи бўлмайди. Ҳозир қимирлайдиган ва қимирлатадиган замон.
...Баайни мақсад билан Нурота деҳқон бозорига гўшт ёки бошқа маҳсулотлар оламан деб, борсангиз, оввора бўласиз. Бозор йўқ! Йўл четидаги чанг-тўзон ва кўлмаклар ичида қолган очиқ майдонга кирсангиз қирқ-эллик нафар одам у-бу нарса сотиб ўтирганини кўрасиз. Расталар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бозор маъмуриятининг айтишича, яқинда сотувчи ва тадбиркорлар учун шинамгина айвон қуриб битказилган. Аммо ҳеч ким бу жойга кириб савдо қилишни ўзига маъқул деб, билмаяпти. Янги йилга қадар худди шу жойда катта ва замонавий бозор ишга тушар эмиш. Менимча, берилган ваъдаларнинг бажарилишига ҳеч кимнинг кўзи етмаяпди-ёв. Бунинг устига коронавирус хавфи кучайиши кутилаётган бир пайтда қаровсиз қолган бозорга масъул кишилар этакларини тезроқ ёпиб олсалар яхши бўлармиди-ей..? Акс ҳолда қаҳратон қишнинг изғирн совуқлари нуроталикларни бешафқат қийнайдиганга ўхшайди.
Нуротада бугунги кунда чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичлик йўналишида фаолият юритаётган 112 та хўжалик мавжуд. 2020 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра 484 минг 856 бош қўй-эчки, 41 минг 369 бош қорамол, 164 минг 773 бош парранда, 1 минг 633 бош отлар мавжуд. Шу кунга қадар 8 минг 458 тонна гўшт, 12 минг 732 тонна сут, 13 минг 802 дона тухум, 24 тонна асал, 103 тонна балиқ ишлаб чиқарилган. Амалдагисини билмадиг-у аммо бизга тутқазилган қоғозларда шундай рақамлар келтирилган. Туманда, жиллақурса, туман марказида дурустгина деҳқон бозори бўлмаса, шунча маҳсулот қаерда ва қандай қилиб сотилди экан? Қойилмиз-ай...
Дарвоқе, Нуроталик фермерлардан бири Аслиддин Лутфуллаев бу йил озуқабоп экин майдонларидан ташқари 1 гектар жойга картошка экиб, 45 тонна ҳосил олганлигини ва унинг 20 тоннасини 2700 сумдан бозор заҳирасига топширганлигини фахр билан тилга олди. Аммо туман марказидаги бозор деб, аталмиш очиқ майдонда бир килограмм картошка 3500-4000 минг сўмдан сотилаётганлиги ҳар қандай кишини шубҳалантиради. Аслиддин фермернинг гапи ростми-ёлғонми, дегандай. Нафсиламбирини айтганда, картошканинг нархи тайёрловчининг қўлидан бозорга келгунича 800-1300 сўмгача қимматлашадими? Қўйиб берсанг, одамлар тупроқни ҳам ун деб, фалон сўмдан пуллашлари мумкин. Аммо раҳбарларнинг кўзи қаерда? Нега ҳамма жим?
Унутмаслик лозимки, фақатгина маҳсулотларнинг нархи эмас, унинг сифати, бозорлар ҳудудининг тозалиги ҳам харидорларининг эътирозларига сабаб бўлади баъзан. Аммо биз бугун фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан энг зарурларини етиштириш, нархлаш, сотиш ҳақида фикр юритдик. Белгиланган мавзу анча катта бўлганлиги учун ҳам бозорлардаги бошқа муаммолар устида тўхталишга иложи бўлмади. Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, жойлашган ўрни ҳамма учун қулай бўлишидан қатъий назар, Хатирчи тумани марказида жойлашган деҳқон бозоридаги санитария ҳолати барибир эътиборимизни тортди. Кўрдик ва афсусландик. Деҳқон бозорининг ўртасида бир бойвачча машинасини кўпиртириб юваяпти. Ариқ тўла мағзава. Ошхона ва сомсахоналар атрофида дайди ит қорин ғамида изғиб юрибди. Бозорнинг заҳира омбори бўлишига қарамасдан тадбиркор ва сотувчилар тонналаб картошка-пиёзни йўлаклар четига уйиб ташлаган. Қани, ўзбекона соф маданият, қани юртга фидоийлик? Бу ерда ҳар қандай касалликнинг инфекцияси бор. Ундан зарарланмаслик ҳам ҳеч ким учун кафолатланмаган. Шундай қаровсиз жойда бир килограмм картошка 4000, бир килограмм гўшт 57-58 минг сўмдан сотилса, нима деган гап?
Бозори ветсанэкспертиза лабараторияси мудири Нуриддин Тошевнинг айтишича, тозаликни сақлаш, хавфли ва юқумли касалликларнинг олдини олиш, тегишли чора-тадбирлар белгилаш, дуруст шароит яратиш мақсадида туман ҳокимияти ва масъл ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилинганига қарамасдан, мутасаддиларнинг бирортаси масалага жиддий эътибор қаратмаган. Лабаратория ходимларининг талабига сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам амал қилмайди. Уларда айтарли ваколатнинг ўзи йўқ.
Бирор элнинг қандай яшаётганлигини ўрганаман десанг, аввал бозорига сўнгра, мозорига бор деган, фикр бежиз айтилмаган. Алалхусус, Навоий вилоятидаги бир-нечта деҳқон бозорларини айланиш жараёнида тушунганимиз шу бўлдики, ҳақиқатдан ҳам бозор эл-улуснинг бой ёки камбағаллигини, оч-тўқлигини, дин-у диёнатини, раҳбарларнинг сабир-салоҳиятини ҳамда инсофли ёки инсофсизлигини очиқ турган китобдек англатар экан. Фақат, ушбу китобни ҳижжалаб ўқиш ва уқиш бугуннинг ўта масъулиятли вазифаси эканлигини чуқур фаҳм қилиш лозим. Тўғри, вилоятнинг Навбаҳор, Конимех туманларидаги бозорлар таъмирланаяпти. Баъзилари янада жиддий эътиборга муҳтож. Шунингдек, биз вилоятдаги бирорта деҳқон бозорида терминаллар ўрнатилганлигини кўрмадик. Тозалик, озодалик диярли бир хил. Олибсотарлар харидорларнинг чўнтагини шилишдан, кўзига чўп суқишдан ор қилишмайди.
Аксига олиб бизнинг белгиланган мавзу юзасидан Қизилтепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари номига киритган саволларимиз ҳам жавобсиз қолди. Ўйладикки, оммавий ахборот воситалари билан давлат ҳокимиятлари ўртасидаги ҳаққоний муносабатлар Навоийга етиб келмабди. Билдикки, биз таҳлил қилишга ўриниб кўрган мавзунинг илдизлари анча чуқур, кўлами, муаммоси ўйлаганимиздан кўра кенгроқ экан. Назаримизда деҳқон бозорлари худди эгаси бор-у эртаси йўққа ўхшаб кетди. Ушбу масалаларга қайта-қайта ёндашмасдан, ухлаб ётган баъзи бир муттасаддиларни чимчилаб уйғотмасдан соҳада яхши натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайдигандек кўринди. Дарвоқе, гўшт ейиш ҳам осон эмас-ов, ростини айтганда...
Нормурод Мусомов, "Ишонч” мухбири
