Биз ким эдик... » O‘zKUF Navoiy viloyat Kengashi
Биз ким эдик...

Биз ким эдик...

Жаннатмакон диёримизнинг ҳар бир қарич ери туганмас бойликларга кон.
Ўзбекистон харитасининг марказида жойлашган Навоий вилояти 1982 йилда ташкил топган бўлиб у 111 минг кв.км майдонни эгаллаган, унда ястаниб ётган маҳобатли Қизилқум кенгликлари, Зарафшон, Нурота тоғ тизмалари  кўплаб 
қазилма бойликларга эга, айниқса олтин, уран, мармар конлари бу диёрда бисёрдир. Ўтган аср ўрталарида  вилоят ҳудуди геологлар томонидан ўрганилганлигидан сўнг, топилган кўплаб бу бойликларни қазиб олиш, заводлар қуриш ишлари бошланган. 
Бу ишлар натижасида 1958 йилнинг 3 сентябрида Зарафшон воҳасида Навоий номли гавҳар янглиғ гўзал шаҳар пайдо бўлган.
Вилоятда  тузилиши жиҳатдан  8 та туман 2 та шаҳар ташкилллаштирилиб унда 950 мингдан зиёд аҳоли бор. Уларнинг 45% ни ёшлар ташкил қилади.
Мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан Навоий кон металлургия комбинати, Навоийазоти, Қизилқумцемент акционерлик жамиятлари, Электр иссиқлик станцияси, Электрокимё корхоналарининг салмоғи мамлакат саноат ишлаб чиқаришида ғоят катта, улар тўхтовсиз  туну-кун ишлаб  кечамиз ва кунимизни ёруғ қилиб турибди.          
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган Навоий эркин иқтисодий индустриал зонасида ҳозирда ўндан ортиқ қўшма корхоналар барпо қилинди, уларда юзлаб ёшларимиз фахр билан меҳнат қилишмоқда.Олдинлари четдан олиб келинаётган  авто қисмлар, сим-кабел махсулотлари ва  парфемерия воситалари бугун Навоийда ишлаб чиқарилмоқда. Вилоят  ишлаб чиқаришида тадбиркорлик ва кичик бизнес субектларининг ҳам салмоғи катта. 
Ўртачўл массивида чўлда пахта етиштираётган Раъно Валиевани бугун бутун Ўзбекистон танийди десам муболаға бўлмас. ”Чўл маликаси” неча йилдирки  чўл шароитида мўл "оқ олтин" ҳосили етиштириб, 1 сентябрдаёқ Мустақиллигимиз байрами шарафига пахта етиштириш шартномавий режасини  ошириб бажариб келади.
Чиройли кенг кўчалар, янги қурилган "Ёшлик” спорт комплекси, спорт майдончалари, савдо мажмуалари, истироҳат боғи, Ёшлар саройи, Бахт уйи, бир бирига монанд, шинам кўп қаватли уйлар олдидаги чиройли фавворалар ҳамшаҳарлар хизматида. Кундан-кунга чирой очаётган шаҳар ва қишлоқлардаги бунёдкорликни кўриб кўз қувонади. Бугун маҳаллаларимиз жамоли дунёнинг мана-ман деган виллаларидан қолишмайди. Биргина 2015-16 йилларда  58 та массивда 3480 дан ортиқ замонавий лойиҳадаги қишлоқ қурилиши уйлари битказилиб, 4000 дан ортиқ юртдошларимиз янги уйларга кўчиб ўтишди. Ёшларимизга аталган Кармана, Қизилтепа туманлари, Зарафшон шаҳридаги  ҳар бири 42 хонадонли "Камолот уй”ларини айтмайсизми? Бугун вилоятда ёш авлод камолоти учун барча имкониятлар яратилган. Барча ҳудудларда барпо этилаётган замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт ва мусиқа иншоотлари ҳавас қилишга арзигулик.
"Соғлом она ва бола” йили дастурга мувофиқ вилоятдаги 220 нафар эҳтиёжманд оилаларга 103 млн. сўмдан ортиқ  электр маиший жиҳозлар совға қилинди.
Асли қадимдан маълум ва машҳур Буюк Ипак йўлининг асосий бир тармоғи Навоийдан ҳам ўтган.Самарқанду Бухорони боғлаб турувчи қадим Кармана, чашма – булоғи билан машҳур Нурота шаҳарлари  ушбу йўл бўйидаги бой тарихимиз дурдоналаридир.Сармишсой дарасидаги "очиқ осмон остидаги музей” – қоятошларга ўйиб ишланган қадимий суратлар, Уч тутдаги чақмоқтош конлари, Деггарон, Чилустун, Работи Малик карвонсаройи, Мир Саид Баҳром мақбараси каби осори атиқаларимиз ЮНЕСКО назарига тушган. Мавлоно ориф Деггароний, Қосим Шайх Азизон, Шайх Хўжа Хисрав каби авлиёи- олимларимиз довруғи оламга кетган.
Касаба уюшмаларининг "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида "Касаба сайр” шўба корхонаси билан ҳамкорликда ушбу тарихий масканларимизга кўплаб сайру-саёҳатлар ташкил этилмоқда. Худди шунингдек 600 дан ортиқ фахрийлар учун Республикамизнинг Тошкент, Хива, Самарқанд,  Бухоро тарихий шаҳарларига саёҳатлар уюштирилди ва бу ишга 87,9 млн. сўм маблағ сарфланди. Босқичма - босқич ўтказилган "Спорт - саломатлик гарови” спартакиадасида 3456 нафардан ортиқ меҳнаткашлар, Касаба тур” веломарафонида 2272 нафар ҳаваскор велоспортчилар иштирок этишди
Ёшлари, болалари бахтли мамлакатнинг истиқболи нурафшон бўлади. Мустақиллик шарофати билан вилоятда бугун жаҳон чемпионлари, халқаро тоифадаги спорт усталари, фан олимпиядалари ғолиблари етишиб чиқмоқда. Юнон-рум кураши бўйича халқаро турнирлар ғолиби ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Рахимовлар, Суҳроб Фаттаев, Бразилияда ўтадиган 31 ёзги олимпиада иштирокчилари Аббос Рахмонов, Ихтиёр Наврўзов, Зарина Қурбонова, Ҳуснииддитн Норбековлар ёки "Ягонасан муқаддас Ватаним” республика кўрик танловининг мутлоқ ғолиби Эрежан Жанахмедов, "Созлар навоси” республика кўрик танловида 2-ўринни эгаллаган Шерзод Шодиевлар номи вилоятимизда таниқлидир. Ёшларимиздан 16 нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби, 4  нафари Ниҳол” мукофотига сазовор бўлганлар. Халқаро танловлар ғолиби Навоийлик Анастасия Якулина, Карманалик Сардор Ашуров, Жавоҳир Раҳматов сингари ёш истеъдод эгаларининг келажаги албатта порлоқдир.
Навоий вилояти нисбатан янги, кенжа вилоят бўлсада боя айтганимдек  вилоятимиз ҳудуди катта ва бепоёндир .Бир тарафи тандирдай қизиган бепоён Қизилқум чўллари бўлса, бир ёнида сарҳадсиз мовий Айдаркўл мавжланади. Нурота, Оқтов Сармишсой дараларида кийик ва олқорларни,  лочину-какликларни кўриб бетакрор гўзал табиатимизга кўз тегмасин дегинг келади. Вилоятнингэнг олис қишлоғигача бўлган масофа 500 км дан ортади. Бугун Томдибулоққа борсангиз ҳам, Узунқудуқ ёки Боймуродга йўлингиз тушса ҳам  бу чекка манзил-маконлардада ҳаёт қизғинлигини халқнинг юзидаги шукроналикни, коллежлардаги билимга чанқоқ ёшларни кўриб дилдан қувонасан.
Бугунги кунда Навоий вилояти ривожланган саноати билан ном чиқарган бўлса, деҳқонлари эса пахтачиликдаги ўзига хос тажрибаси, чорвадори олтиндек жилоланувчи қимматбаҳо қоракўл териларини етиштириши билан мамлакатимизда ўз ўринига эга.
Мустақиллигимиз шарофати билан шаҳар ва қишлоқларимиз қайтадан чирой очди. Тарихий обидаларимиз қайта тикланди бозорларимиз, мозорларимиз обод қилинди. Муҳташам спорт иншоотлари, равон йўлларни, чиройли мактаб ва коллежларимизда ёшларимизни кўриб дил қувонади.  
Бир сўз билан айтганда  Навоий виоятида бугун халқнинг бахтиёрлик даври ҳукм сурмоқда.

Шухрат Халилов
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари 
бирлашмаси  Кенгаши раиси  ўринбосари.


BOSHQA YANGILIKLAR